Ерда янги фасллар пайдо бўлмоқда – тадқиқот

Бу қизиқ

image

Иқлим ўзгаришлари инсоният учун тобора жиддий таҳдидга айланиб борар экан, британиялик олимлар Ерда анъанавий фасллар ўрнига янги, “инсон қўли билан яратилган” мавсумлар шаклланаётганини маълум қилди. Бу ҳақда тадқиқотларга таяниб, “Live Science” хабар берди.

Тадқиқот муаллифлари инсоният фаолияти табиатнинг қадимий ритмларини кескин бузганини таъкидлайди. Масалан, Жануби-Шарқий Осиёда қурғоқчилик даврида кўп миқдорда ўсимликлар ёқилиши оқибатида “тутун фасли” юзага келган. Бали оролида эса ноябрдан мартгача давом этадиган “пластик фасли”да океан тўлқинлари орол соҳилларига катта ҳажмда чиқиндиларни чиқариб ташлаган. 

Шу билан бирга, тадқиқотда анъанавий фасллар йўқолиб бораётгани айтилади. Алп тоғларида қиш фасли қисқариб, қор ёғиши камайган – бу ҳолат минтақадаги қишки туризм ва спортга жиддий таъсир кўрсатган. Олимлар “синхронлашмаган фасллар” ҳақида ҳам огоҳлантирмоқда – ёз тобора иссиқроқ, қиш эса юмшоқроқ бўлмоқда, бу эса кучли об-ҳаво ҳодисалари билан кечмоқда.

Шунингдек, “аритимик фасллар” деган атама ҳам муомалага киритилган – бу маълум бир фаслга хос табиий ҳодисаларнинг (барг тўкилиши, қушларнинг миграцияси, гуллаш ва кўпайиш даври) вақти ўзгариб кетганини англатади.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, фаслларнинг ўзгариши одамларга вақт ва табиат ўртасидаги қадимий алоқани эслатади. 

Асосий омил сифатида эса инсон томонидан кўмир, нефть ва газ каби қазилма ёқилғилардан фойдаланиш келтирилмоқда. Оқибатда глобал иқлим исиб, Ернинг турли ҳудудларида экологик офатлар авж олмоқда. 2023 йилда океан сатҳининг ҳарорати рекорд даражага етиб, иссиқлик тўлқинлари бутун дунё океанининг 96 фоизини қамраб олган. Шимолий Атлантикада улар 525 кун давом этган. Бу ўзгаришлар шамоллар, булутлар ва сув оқимларининг бузилишига олиб келган.

Глобал исиш оқибатида жорий йилда ҳам кўплаб минтақалар экологик фалокатларга дуч келди. Амазония дарёлари қуриб кетган, Алп тоғларидаги Марболада музлиги эса 2040 йилга бориб бутунлай йўқ бўлиши мумкин. Фақат сўнгги беш йилда музлик майдони 70 гектарга қисқарган. Мутахассислар ҳозирги ҳолатни “орқага қайтмас кома” деб атамоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёдаги икки етакчи метеорологик агентликнинг йиллик ҳисоботида кейинги беш йил ичида глобал ҳарорат тарихдаги энг юқори ёки унга яқин даражага чиқиши, бу эса янада хавфли об-ҳаво ҳодисаларига олиб келиши мумкинлиги ҳақида айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ер тадқиқот фасл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг