ЕОИИ давлатлари доллардан воз кечмоқчи – Россия ТИВ
Олам
−
14 Апрель 2022
23191Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари ички савдода Америка валютасидан узоқлашишга ҳаракат қилмоқда. Россия ТИВнинг МДҲ давлатлари биринчи департаменти директори Михаил Евдокимов РИА Новостига берган интервюсида шу ҳақда айтиб ўтди.
“Ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталардан кенгроқ фойдаланиш ва доллардандан воз кечиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда”, дейди дипломат.
У Россия молия-банк тизимига нисбатан мисли кўрилмаган санкциялар жорий этилгунга қадар ҳам ЕОИИ доирасидаги ҳисоб-китобларда миллий валюталарнинг улуши 70 фоиздан ошганини эслатган.
Евдокимовнинг фикрича, Ғарб давлатлари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги интеграция жараёнларига путур етказмоқчи. Бунга қарши туриш учун хавфсизлик соҳасидаги мавжуд механизмларни мослаштириш ва МДҲ, КХШТ ва ШҲТ доирасидаги ишларни мувофиқлаштириш зарур.
Эслатиб ўтамиз, Ғарб давлатлари Украинага қарши уруш бошланганидан сўнг Россияга қарши санкциялар киритди. Янги чекловлар асосан банк сектори ва юқори технологияли секторга таъсир кўрсатди. Россия энергия манбаларидан воз кечишга чақириқлар кучайди. Чақириқлар фонида Европа ва АҚШда озиқ-овқат ва ёқилғи нархларининг ошиши кузатилди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомини олган эди.