“ЕОИИ аъзоликнинг ижобий ва салбий жиҳатлари”. “Адолатчилар” кузатувчиликни маъқул кўришди
Жамият
−
31 Март 2020
5225Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш масаласи жамоатчилик томонидан кўп бора муҳокама қилинди. Кимдир бу иттифоққа кириш керак эмас деса, яна кимдир бу иттифоқ фойдали эканини айтмоқда. Ҳаттоки, ўз позициясидан қайтганлар ҳам бўлди. Охир-оқибат, бу масала мамлакатнинг юқори минбари, давлат раҳбари томонидан ҳам тилга олинди. Президент Шавкат Мирзиёев бу иттифоққа аъзо бўлиб кирмаётганини айтди.
Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласига бағишланган йиғилиши видеоконференция тарзида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Партиянинг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда “Адолат” партиясининг фракцияси ЕОИИ билан ҳамкорлик бўйича махсус ишчи гуруҳининг дастлабки хулосалари тинглаган. Унда комиссия ижобий ва салбий жиҳатлар ҳақида қуйидагиларни маълум қилган.
Ижобий жиҳатлар:
1. Аъзолик ЕОИИ давлатларидаги мигрантлар масаласида айрим ижобий натижаларни келтириб чиқаради.
Ўзбекистонликлар ушбу давлатларда патент олмасдан ишлаш имкониятига эга бўладилар ва пул жўнатмалари ҳозирги 4-5 млрддан 7-8 млрд АҚШ долларига етиши кутилмоқда.
2. Аъзо давлатлар билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик яхши натижа беради, чунки улар газ қазиб олиш ва уни қайта ишлашда дунёда етакчи ҳисобланади.
3. Туризм соҳасида ҳам катта имкониятлар очилади. Халқаро юк ҳамда пассажир ташувлари соддалаштирилади.
4. Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси ортади. Катта бозорга чиқиш ва ўзининг маҳсулотларини экспорт қилиш орқали айрим тадбиркорлар фаолияти янада кенгаяди.
Салбий жиҳатлар:
1. ЕОИИга аъзо бўлиш натижасида Ўзбекистон саноати (автомобилсозлик, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқ) 2 млрд АҚШ доллари атрофида йўқотишга учрайди.
2. ЕОИИ давлатлари ташқи савдо сиёсатини етарлича мустақил мувофиқлаштириш имкониятига эга эмас.
3. ЕОИИ олдиндан белгиланган қоидалар орқали бошқариладиган ва низолар келишилган қоидаларга кўра ҳал эта оладиган ташкилотга ҳали айланиб улгурмаган.
4. ЕОИИнинг энг асосий аъзоси (Иттифоқ иқтисодий потенциалининг салкам 85 фоизини ташкил этувчи) Россия ҳозирги кунда халқаро санкциялар ва босим остида.
Охирги 2 йилда рубль бир неча баравар қадрсизланган. Ушбу мамлакат билан битта Иттифоқ доирасида ҳамкорликка киришишнинг келгусида бизнинг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсири мавжуд.
Фракция йиғилишида депутатлар ЕОИИга Ўзбекистонни аъзо бўлиб кириши натижасида вужудга келувчи оқибатларнинг дастлабки сарҳисобига таянган ҳолда ҳозирча фақат кузатувчи давлат сифатида киришини мақуллашди.
Ўрганишлар давом этмоқда.
LiveБарчаси