Енгилмас спортчига МОҚ махсус табрик йўллади
Спорт
−
04 Июнь 2019
4147Хабарингиз бор, Фижининг Сува шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати давом этмоқда.
-67 килогрaмм вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик Адҳамжон Эргашев даст кўтариш машқида 141 кг, силтаб кўтариш машқида эса 173 кг, жами 314 кг натижа қайд этди. Эътиборлиси, унинг бу кўрсаткичини ҳеч қайси рақиби такрорлай олмади ва у Жаҳон чемпионатининг 3 та олтин медалини қўлга киритди.
Шу муносабат билан МОҚ спортчини бу мувфаққият билан қутлаб, махсус табрикнома йўллади.
“Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Сизни ажойиб ғалаба – оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони шарафли унвонини муваффақиятли ҳимоя қила олганингиз билан самимий ва қизғин қутлайди. Сиз кетма-кет иккинчи бор жаҳон биринчилигида ўз вазнингиз бўйича дунёда тенги йўқ энг кучли полвон эканлигингизни ёрқин ва ишонарли намойиш этдингиз. Шу билан бирга 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида қатнашиш учун қимматли рейтинг очколарига эга бўлдингиз.
Фижида бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатидаги бу улкан ғалабангиз Президентимиз Шавкат Мирзиёв алоҳида таъкидлаганидек, ёшларимизда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга, мамлакатни дунёга танитишга, барча юртдошларимизга ғурур ва ифтихор бағишлашига хизмат қилиши шубҳасиздир.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз каби полвон йигитларни тарбиялаётган ота-онангизга, устозларингизга ва албатта Ўзбекистон оғир атлетика федерациясига миннатдорчилик изҳор этамиз”, дейилади Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси табрикномасида.