Ёмон ниятда эмасдим – Ўзбекистонлик аёл Россия байроғи туширилган пойандоз ҳақида

Жамият

image

Аввалроқ, Россиянинг Нижний Новгород вилоятида ўзбекистонлик аёл Севара Мусаева Россия байроғи ва герби расми туширилган гиламчани оёқ остига тўшагани учун жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилгани, бироқ бу рад этилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу можаро марказида қолган аёл Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.

“Аллоҳимга шукур. Президентимга минг бор шукур айтаман, ташаккур билдираман. Барибир ҳеч нарса ўз юртимизга келмайди. Раҳмат, шунчалар жон куйдириб, ҳамма мен учун, мусофирдагилар, ҳаммамиз мусулмонлар, ҳаммаси жон куйдиришди. Аллоҳ рози бўлсин дейман улардан”, дейди аёл.

Шунингдек, у можаро сабаб роса хавотирга тушганини, фарзандлари ҳали ёш эканини қайд этиб, мусофирлардан эҳтиёт бўлишни, бунақа нарсани қайтарилмаслигини сўраган.

“Чунки, мен ҳам уни ёмон ниятда ё бир ҳурматсизлик ниятида олмагандим. Мен воқеа шунақа бўлиб кетишини ҳам ўйламагандим. Шу ерда бир сўм топсам ҳам баракасини бериб, шу ерда қаноат қилиб, шу ерда ишлаб, болаларимга уй қиламан, Худо хоҳласа, деган ниятда кетгандим ўзи”, дейди аёл.

Шунингдек, у воқеадан кейин ундан Миграция агентлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар хабар олганини айтган.

“Ўша акаларимга ҳам ташаккур билдираман. Давлатимизга ҳеч нарса тенг келмайди, тинчлигимизга ҳеч нарса тенг келмайди. Президентимга минг бор раҳмат айтаман, шу халқимни тинч қилиб олиб ўтирганига. Мен шу нарсаларни кўриб келяпман у ёқдан”, дейди аёл.

Эслатиб ўтамиз, ушбу вазиятда Севара Мусаева яшаш хонасининг кириш жойига Россия байроғи ва гербининг расми туширилган гиламчани тўшагани учун сўроққа тутилган. Мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 329-моддаси (давлат байроғи ёки давлат гербини таҳқирлаш) бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилиши айтилганди. Аёлнинг бу ҳолатга изоҳ беришича, у гиламчани бир неча кун олдин кўчадаги аҳлатдан топиб олган ва уни ювиб-тозалаган ҳамда уйига олиб кирган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг