Ёлғиз саёҳат қилиш учун энг яхши давлатлар эълон қилинди
Жамият
−
13:40 1297 2 дақиқа
Ўзбекистон жорий йилда ёлғиз саёҳат қилиш учун дунёдаги энг яхши давлатлар рейтингида 5-ўринни эгаллади. Бу ҳақда “Much Better Adventures” халқаро саёҳат платформасининг яккахон саёҳатчилар учун мўлжалланган “Solo Travel Index 2026” рейтингида келтирилган.
Рейтингда биринчи ўринни Ўзбекистоннинг қўшниси Қирғизистон эгаллаган. Платформа мутахассислари мамлакатнинг баланд тоғлари, яйловлари, тоғ кўллари, кўчманчилар маданияти ва сайёҳлар учун гавжум бўлмаган йўналишларини алоҳида эътироф этган. Италия, Япония ва Португалиядан кейинги 5-ўриндан Ўзбекистон жой олган. Рўйхатга жами 26 та давлат киритилган.
Платформа мутахассислари Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг тарихий Ипак йўли бўйлаб жойлашган, сайёҳлар оқими нисбатан кам ва туристик инфратузилмаси ривожланган йўналишлардан бири сифатида баҳолаган.
Рейтингда Ўзбекистоннинг АҚШ фуқаролари учун 30 кунлик визасиз тартиб жорий қилгани ҳам қайд этилган. Шунингдек, мамлакатда сайёҳлар учун қадимий шаҳарлар, тоғли ҳудудлар ва пиёда саёҳат қилиш имкониятлари мавжудлиги таъкидланган.
Платформа экспертлари Ўзбекистондаги Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини Ипак йўлининг тарихий чорраҳалари сифатида алоҳида қайд этган. Шунингдек, Нурота тоғларидаги қишлоқлар бўйлаб пиёда юриш, маҳаллий аҳоли билан танишиш, анъанавий ўтовларда тунаш ҳамда Айдаркўл бўйига бориш каби йўналишлар сайёҳатчилар учун қизиқарли экани кўрсатилган.
Рейтингни тузишда бир нечта мезон ҳисобга олинган. Жумладан, мамлакатдаги хавфсизлик даражаси, маҳаллий ресторанда бир кишилик овқатнинг ўртача нархи, Буюк Британия ва АҚШ фуқаролари учун кириш талаблари, био хилма-хиллик, пиёда юриш йўналишлари, сайёҳларнинг фикрлари ҳамда 2025–2026 йиллардаги якка саёҳатлар бўйича брон қилиш тенденциялари таҳлил қилинган.
Бироқ платформа “яккахон саёҳат” тушунчасини одатий маънода эмас, кичик гуруҳ таркибида мустақил саёҳат қилиш шаклида изоҳлаган. Яъни сайёҳ йўл давомида мустақиллигини сақлаб қолади, шу билан бирга бошқа саёҳатчилар билан бир гуруҳда бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг биринчи ярмида 3,5 млн нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда хорижга сафар қилгани ҳақида хабар берилганди. Бундан 1 547 589 нафар ўзбекистонлик Қирғизистонга сафар қилган.
Live
Барчаси