Ельцин ва Путинга Россияни НАТОга қўшишни таклиф қилганман – Клинтон

Олам 10912
image
-

АҚШнинг 42-Президенти Билл Клинтон давлат раҳбари бўлган даврда Россиянинг Биринчи Президенти Борис Ельцинга, кейинроқ унинг ўрнига келган Владимир Путинга НАТОга аъзо бўлишни таклиф қилганини айтди. Бу ҳақда у “The Atlantic” нашри учун ёзган мақоласида сўз очган.

Клинтон Россиянинг “XXI асрнинг буюк демократик давлатига айланиши” учун қўлидан келган барча ишни қилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Россия Федерациясига Болтиқбўйи давлатларидан рус қўшинларини олиб чиқиш учун 1,6 миллиард доллар ажратган, Россия “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастурида ва турли тинчликпарвар миссияларда иштирок этган, шунингдек, “Катта еттилик”га таклиф қилинган ва тузилма “Катта саккизлик”ка айланган.

“Ўтган вақт давомида биз Россияга НАТО эшикларини очиқ тутдик, буни мен Ельцинга, кейинроқ унинг вориси Владимир Путинга ҳам тушунтирдим”, деган Клинтон. 

АҚШнинг собиқ Президенти АҚШ расмийлари Россияни изоляция қилишга урингани ҳақидаги айбловларни ёлғон деб атаган.

“Умумий олганда, мен Ельцин билан 18 марта ва Путин билан беш марта учрашганман – у Ельцин даврида Бош вазир бўлганида икки марта ва президентлик муддатларимиз бир-бирига мос келган 10 ойдан ортиқ вақт давомида уч марта. Бу АҚШ ва СССР раҳбарларининг 1943–1991 йиллардаги барча учрашувларидан атиги учта учрашувга кам. Биз эътибор бермаганимиз, ҳурмат қилмаганимиз ёки Россияни яккаламоқчи бўлганимиз ҳақидаги фикр ёлғон. Ҳа, НАТО Россиянинг эътирозларига қарамай кенгайди, аммо кенгайиш фақат АҚШ-Россия муносабатлари билан боғлиқ эмас эди”, деган Клинтон.

2017 йилда Россия Президенти Владимир Путин америкалик режиссёр Оливер Стоунга берган интервьюсида Билл Клинтонга Россиянинг НАТОга қўшилиши ҳақида ўйлаб кўришни таклиф қилганини айтган эди. Путиннинг сўзларига кўра, Клинтон: “Хўш, мен қарши эмасман” деб жавоб берган, шундан сўнг “бутун Америка делегацияси асабийлашди”, деган Россия Президенти. 2022 йил февралида Путин Клинтоннинг 2000 йилда Москвага ташрифи чоғида шундай таклиф билан чиққанини маълум қилган ва АҚШ Президентининг жавоби “жуда вазмин бўлган”.

НАТО 1949 йилда тузилгандан бери Россия уч марта ҳарбий иттифоққа қўшилишга уриниб кўрган. 1954 йилда Москва Совет Иттифоқини НАТОга қабул қилишни таклиф қилган. 1990-йилларда Борис Ельцин ҳам Россияни иттифоққа қўшишни таклиф қилган. 2000 йилда, юқорида айтиб ўтилганидек, Путин Клинтон билан музокараларда бу масалани кўтарган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 516
Рейтинг: 2.9
t
×