ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатиш лозим – Боррель
Олам
−
14 Ноябрь
1483Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ҳамда хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Исроилнинг Ғазо секторида инсон ҳуқуқлари ва халқаро қонунларни бузаётгани ҳақидаги даъволари юзасидан Исроил билан сиёсий мулоқотни расман тўхтатишни таклиф қилди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Боррелнинг таклифи биринчи марта кеча, 13 ноябрь куни элчиларнинг учрашуви чоғида кўтарилган. Жараёндан хабардор уч дипломатга кўра, 18 ноябрь куни ташқи ишлар вазирлари Брюсселда учрашганда расман тақдим этилади. Исроил билан сиёсий мулоқот 2000 йилда тузилган “Ассоциация шартномаси” деб аталадиган ҳужжат билан тартибга солинади. Унда бошқа нарсалар қатори, томонлар ўртасидаги муносабатлар инсон ҳуқуқлари ва демократия тамойилларига, шунингдек, ҳурматга асослангани белгилаб қўйилган.
“Сиёсий мулоқотнинг тўхтатилиши аъзо давлатлар ўртасидаги якдилликка боғлиқ ва шунинг учун Исроил-ҲАМАС уруши бўйича кескин бўлинишларни ҳисобга олсак, режа барбод бўлиши деярли аниқ”, дейилган хабарда.
Йиғилишда сўзга чиққанларнинг кўпчилиги салбий фикр билдирган. Германия, Австрия, Чехия, Венгрия, Дания, Нидерландия, Италия ва Греция эса ҳайратга тушган.
“Бу мутлақо кутилмаган ҳол бўлди ва аъзо давлатларнинг катта гуруҳи томонидан дарҳол эътироз билдирилди”, деган дипломатлардан бири.
Бир неча ой олдин Испания ва Ирландия Европа иттифоқи ҳамда Исроил ўртасидаги шериклик битимини диққат билан ўрганишни таклиф қилганди. Бир қатор дипломатларга кўра, институционал сиёсий мулоқотни тўхтатиш ассоциация тўғрисидаги битимнинг ўзини тўхтатишни англатмайди. Бироқ, бу давр мобайнида Исроил ҳукумати билан ушбу масалалар бўйича бирон-бир учрашув ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилмаган.
Боррелнинг мулоқотни тўхтатиш тўғрисидаги таклифи бир овоздан маъқулланиши даргумон, чунки Венгрия ва Чехия каби давлатлар шу пайтгача Исроил тарафда бўлган. Бироқ Европа иттифоқи бош дипломати таклифи аъзо давлатлар ўртасидаги муҳокамада Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларига муносабат сифатида аниқ сиёсий сигнал бўлиши мумкин.
Oxfam ва Save the Children гуманитар ташкилотлари Исроилни АҚШ илгари сурган талабларга риоя қилмагани учун танқид қилган. Уларнинг икки кун аввал эълон қилинган қўшма ҳисоботига кўра, 800 минг киши очарчиликка яқин шароитда яшамоқда.
Ҳисоботда таъкидланишича, Исроил ўз ваъдаларини Ғазодаги фаластинлик тинч аҳолига катта талафот етказган ҳолда бузмоқда.
Ҳужжатда Исроил нафақат АҚШ томонидан қўйилган гуманитар ёрдам кўрсатиш шартларини бажармагани, балки Ғазо секторининг шимолий қисмидаги вазиятни кескин ёмонлаштиргани ҳам айтилган. Oxfam ва Save the Children сингари 8 та гуманитар ташкилот Исроил ушбу талабларни бажармаганини билдирган.
Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Ғазода ёрдам етказиб беришнинг тўсиб қўйилиши, аҳоли яшайдиган ҳудудларга авиазарбалар бериш ва тинч аҳолини ҳимоя қилишнинг йўқлиги инсон ҳуқуқларининг асосий меъёрларини бузмоқда. Исроил бу айбловларни рад этиб, ўз қуролли кучлари ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мос эканини даъво қилиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери бешинчи ташрифи билан Киевга боргани ҳақида хабар берилганди. Бу ташриф унинг Европа Иттифоқи бош дипломати сифатидаги охирги ташрифи бўлди. Негаки у келаси ой Европа комиссияси тузилганидан сўнг ўз лавозимини тарк этади.