ЕИ Туркияни аъзоликка қабул қилиши керак – Эрдўған
Олам
−
11 Апрель
2545Агар Европа Иттифоқи ҳозирги муаммоларни енгиб ўтишни истаса, у Туркияни тўлақонли аъзо сифатида ўз сафига қабул қилиши зарур. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 11 апрель куни Анталия дипломатия форумининг (ADF 2025) расмий очилиш маросимида сўз очди.
“Туркия Европа Иттифоқига аъзо бўлиш мақсадидан воз кечгани ҳақидаги даъво ва танқидларнинг ҳеч қандай асоси йўқ. Бу мақсад ҳалигача мамлакатимизнинг стратегик йўналиши бўлиб қолмоқда. Аммо аъзолик жараёнини олдинга силжитиш учун биз зарур сиёсий ирода намоён этишимиз лозим. Бу жараён баъзида қўрқув, баъзида хурофот, баъзида эса Евроиттифоқ ичидаги айрим кучлар сабаб тўхтаб қолмоқда”, дейди Эрдўған.
Унинг билдиришича, агар Европа Иттифоқи бугунги муаммоларини енгмоқчи ва янги глобал тизимда муносиб ўрин эгалламоқчи бўлса, у шунга яраша ҳаракат қилиши, ўтмишдаги юкдан халос бўлиши ва Туркияга Евроиттифоқда муносиб ўрин бериши лозим.
Маълумот учун, жорий йилнинг 11-13 апрель кунлари Туркияда тўртинчи Анталия дипломатия форуми бўлиб ўтмоқда. Ушбу форумга 140 га яқин давлатдан 450 га яқин вакил ташриф буюрган. Тадбир Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳомийлигида “Парчаланган дунёда дипломатияни тиклаш” шиори остида ўтказилмоқда. Уч кунлик форумда Яқин Шарқ, Осиё-Тинч океани минтақаси, шунингдек, иқлим ўзгариши, терроризмга қарши кураш, гуманитар ёрдам, рақамлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сунъий интеллект каби кенг кўламли мавзулар муҳокама этилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Эрдўған февралда Анқарада бўлиб ўтган учрашувларда Туркия тинчликпарвар кучларини Украинага юбориш масаласини Украина Президенти Владимир Зеленский ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан муҳокама қилганини айтганди. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Украинани Россиянинг провокациялари ва тажовузкор ҳаракатларидан ишончли ҳимоя қилиш учун 100 мингдан анча кўп ҳарбийлар талаб қилиниши мумкин. Шундай шароитда қуруқликдаги қўшинлари сони қарийб 400 минг (яна шунча захирадаги ҳарбийлар) бўлган Туркиянинг иштироки муҳим аҳамият касб этиши мумкин.
LiveБарчаси
Нетаньяху Ғазо сектори шимолига борди.
16 Апрель