ЕИ Ташқи ишлар вазирлари Киевда. Улар Украинага нима ваъда қилди?

Олам

image

Кеча, 2 октябрь куни Киевда бўлиб ўтган норасмий йиғилишда Европа Иттифоқининг 27 давлатидан 24 тасининг Ташқи ишлар вазирлари иштирок этди. Улар Украинани узоқ муддатли қўллаб-қувватлашига ишонтириб, унинг ЕИга аъзо бўлиш истиқболларини тасдиқлади. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.  

Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель ташриф мақсадини “Украина халқини бирдамлик ва қўллаб-қувватлаш ифодаси” деб атади. Шу билан бирга, у Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳукуматларига келаси йили Киевга 5 миллиард еврогача ҳарбий ёрдам ажратишни таклиф қилди.

Ўз навбатида, Украина Президенти Владимир Зеленский Европа Иттифоқи Ташқи ишлар кенгашининг йиғилиши иштирокчиларига Украинанинг Россия билан урушдаги ғалабаси Европа Иттифоқи билан ҳамкорликка боғлиқлигини айтди.

“Ишончим комилки, Украина ва бутун эркин дунё бу қарама-қаршиликда ғалаба қозонишга қодир. Лекин бизнинг ғалабамиз бевосита сиз билан ҳамкорлик қилишимизга боғлиқ”, дея таъкидлайди Украина раҳбари.

У ўз нутқида Европа Иттифоқи давлатларига Украинани қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди ҳамда мудофаа, дипломатия ва интеграция соҳасида янги қадамлар қўйиш, шунингдек, Россияга қарши янги санкциялар пакети устида ишлашни кучайтиришга чақирди.

“Ҳар қандай санкция паузалари Россия тажовузи вақтини оширади ва 11-санкция пакетидан кейинги пауза аллақачон узоққа чўзилиб кетган. Россиянинг Запорожье атом электр станциясида қилаётган ишлари ва Россиянинг шубҳали ядро технологияларидан фойдаланишига қарши қадам сифатида Россия атом саноатига қарши санкциялар зарур. Унинг ҳаракатлари хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам, сиёсий нуқтаи назардан ҳам шубҳали”, деган Владимир Зеленский.

Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба эса Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Украинанинг Иттифоққа аъзолиги бўйича консенсусга эришилганини маълум қилди.

“Бугунги йиғилиш Украинанинг ЕИга аъзо бўлиши ҳақида ҳам бўлди. Ва бу борада ҳам ҳамфикр бўлдик. Ягона масала – вақт. Украина ҳам, Европа томони ҳам олға интилишда қатъий. Украина томонидан амалга оширилган барча ислоҳотларни инобатга олган ҳолда аъзолик максимал тезликда амалга оширилмоқда ва амалга оширилади”, деган Кулеба.

У Еврокомиссиянинг ушбу жараённи бошлаш бўйича барча етти тавсияси амалга оширилишига ваъда берди.
Маълумот учун, 6 октябрь куни Испаниянинг Гранада шаҳрида Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтади, унда Киевнинг йил охиригача Украинанинг ЕИга кириши бўйича музокараларни бошлаш ҳақидаги илтимоси муҳокама қилинади. Еврокомиссия ноябрь ойининг бошидан кечиктирмай тегишли тавсиянома тайёрлаш ниятида, шундан сўнг музокараларни бошлаш бўйича якуний қарор декабрь ойи ўрталарида Брюсселдаги саммитда қабул қилиниши керак, бунинг учун Европа Иттифоқининг барча 27 давлати розилиги талаб этилади.

Қайд этиш жоизки, Киевдаги йиғилишга Европа Иттифоқига аъзо учта давлат: Венгрия, Польша ва Латвиянинг асосий дипломатлари келмади, улар қуйи даражада вакиллик қилишди. Украина ҳукумати Польша ва Латвия Ташқи ишлар вазирларининг келмаганини уларнинг касаллиги билан изоҳлади, Венгрия ТИВ раҳбарининг келмагани сабаби айтилмади. Айни пайтда Будапешт Россияда фаолият юритаётган OTP банкини Украинанинг “халқаро уруш ҳомийлари” рўйхатидан чиқаришни талаб қилмоқда ва шу муносабат билан Европа Иттифоқининг Киевга юзлаб миллион евролик ҳарбий ёрдам пакетини блоклаган.

Бундан ташқари, Украина ва унинг Шарқий Европадаги баъзи асосий тарафдорлари, хусусан, Польша ўртасида Украина ғалласини бу мамлакатларга импорт қилиш бўйича кескинлик бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Украина Владимир Зеленский Киев Дмитрий Кулеба Жозеп Боррель

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made