ЕИ Россия активларидан тушган фойдани илк марта Украинага берди
Олам
−
26 Июль
5552Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активларидан тушган фойдани биринчи марта Киевга ўтказиб берди. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, активларидан тушган 1,5 миллиард евро миқдордаги фойда Украинани мудофаа ва реконструкция қилишга йўналтирилади. ЕИ раҳбарининг таъкидлашича, бунинг учун Москванинг пулларидан фойдаланиш энг яхши вариант ҳисобланади.
“Украина ва бутун Европани яшаш учун хавфсизроқ жойга айлантиришда Кремль пулидан кўра яхшироқ нарса йўқ”, деб ёзади Урсула фон дер Ляйен.
Жорий йилнинг май ойида Европа Иттифоқи элчилари Брюсселдаги йиғилишда узоқ давом этган маслаҳатлашувлардан сўнг, музлатилган Россия активларидан тушган маблағларни Украинага ҳарбий ёрдамни молиялаштириш учун ишлатиш режасини келишиб олгандилар. Ўша пайтда ЕИга раислик қилган Бельгия расмийларининг хабар қилганидек, пул Украинанинг ҳар томонлама тикланишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакат мудофаасига сарфланади. Биргина 2024 йилда тўловлар миқдори 3 миллиард еврогача етиши мумкин. Унинг 90 фоизи мамлакатнинг ҳарбий эҳтиёжларига йўналтирилади.
Ушбу режа бўйича музокаралар, жумладан, Австрия ва бошқа бир қатор давлатлар қурол ва ўқ-дориларни тўғридан-тўғри етказиб беришда иштирок этишдан бош тортганлиги сабабли узоқ вақт давом этди. Германиянинг “dpa” ахборот агентлигига кўра, ушбу давлатларнинг илтимосига асосан, Россия даромадларидан келадиган фоизларнинг бир қисми ёрдамнинг бошқа турларига йўналтирилиши тўғрисида келишувга эришилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг март ойида Европа Иттифоқи 2022-2023 йилларда музлатилган Россия активларини инвестиция қилишдан олинган 5 миллиард евро даромадни Украинага ўтказмасликка қарор қилганди. ЕИ аксинча активлардан тушган маблағларни марказий қимматли қоғозлар депозитарийларининг Украинадаги уруш туфайли кўрган харажатлари, рисклари ва йўқотишларини қоплашга сарфлашни таклиф этган. Украина ҳукумати эса бу қарорга қарши чиққанди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи ва Украина Киев учун хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги келишувни имзолагани хабар қилинганди. Шунингдек, ЕИ Россияга қарши санкцияларни олти ойга узайтирди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15