ЕИ Олий суди каталониялик сепаратистлар амнистиясини маъқуллади

Олам

image

Жорий йилнинг 16 июль куни Европа Иттифоқи Олий суди Каталония мустақиллиги ҳаракати иштирокчиларига амнистия беришни назарда тутувчи баҳсли Испания қонуни ЕИ қоидаларига зид эмаслиги ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда “Reuters” хабар қилди.

Қайд этилишича, Испания парламентининг қуйи палатаси 2024 йилда маъқуллаган амнистия қонуни ҳукмрон Социалистик партия билан каталониялик сепаратист гуруҳлар ўртасидаги келишувнинг бир қисми бўлган. Мазкур келишув Бош вазир Педро Санчеснинг 2023 йилда ҳокимиятда қолишига имкон берган, мухолифатдаги консерватив партиялар эса қонунни тўхтатишга уринган, аммо бу ҳаракатлар муваффақиятсиз якунланган.

16 июль куни чиқарилган қарорларда Европа Иттифоқи суди аъзо давлатларнинг ЕИ қоидалари доирасида амнистия қонунларини қабул қилиш бўйича ваколатлари ва уларнинг чегараларига аниқлик киритган.

Европа Иттифоқи Адлия суди (CJEU) ўз қарорида ЕИ қонунчилиги Испаниянинг амнистия тўғрисидаги қонунига тўсқинлик қилмаслигини, чунки уни қабул қилиш ва қўллаш аъзо давлатлар ваколатига киришини таъкидлаган. Нашрнинг қайд этишича, бу қарор Испания ҳукумати ва унинг каталониялик иттифоқчилари учун муҳим ютуқ бўлган.

“Суд институционал ва сиёсий тарангликни камайтириш ҳамда ярашув жараёнини осонлаштириш мақсадида жиноий жавобгарликни бекор қилишни назарда тутувчи қонунга қарши эмас”, деган қарорни эълон қилган CJEU судьяларидан бири.

Бироқ суд амнистия қонунининг бир жиҳатига эътироз билдирган. Унга кўра, агар Испания судлари Европа Иттифоқи Адлия судининг қарори кутилаётган бўлса, амнистия тўғрисидаги қонун уларни икки ой ичида молиявий жавобгарлик ёки миллий судлар бошлаган дастлабки иш юритувларини бекор қилишга мажбур қила олмайди.

Нима бўлганди?

2017 йилда Испаниянинг Каталония автоном ҳудуди мустақиллик бўйича референдум ўтказганди. Испания Конституциявий суди бу референдумни ноқонуний деб топди, чунки Испания Конституциясига кўра, мамлакат ҳудудидан ажралиб чиқишга рухсат берилмайди.

Шунга қарамай, Каталония ҳукумати референдум ўтказган ва кейин мустақиллик эълон қилишга уринган. Шундан сўнг, Мадрид марказий ҳукумати Каталония раҳбарларига қарши жиноят ишлари очди. Айримлари қамалди, бошқалари, жумладан, ҳудуднинг собиқ раҳбари Карлес Пучдемон хорижга чиқиб кетди.

Амнистия қонуни нима?

2023 йилда Бош вазир Педро Санчес ҳукумат тузиш учун парламентда каталониялик сепаратист партияларнинг овозига муҳтож бўлди. Шунинг учун улар билан келишув қилиб, 2024 йилда амнистия қонуни қабул қилинди. Бу қонун 2012–2023 йилларда Каталония мустақиллиги ҳаракати билан боғлиқ айрим жиноятлар учун жавобгарликни бекор қилишни назарда тутади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испания Бош вазири Педро Санчеснинг укаси Давид Санчес давлат лавозимига тайинланиши билан боғлиқ непотизм ишида маъмурий ваколатларни суиистеъмол қилишда айбдор деб топилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг