ЕИ ноқонуний миграцияга қарши курашнинг янги режасини тақдим этди

Олам

image

Европа Иттифоқи Ғарбий Ўртаер денгизи ва Атлантика минтақасида ноқонуний миграциянинг олдини олиш бўйича янги режани тақдим этди. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, иттифоқнинг янги режаси чегараларни ноқонуний кесиб ўтишнинг олдини олиш, ноқонуний муҳожирларни келган ерига қайтариб юборишни қўллаб-қувватлаш ва қонуний миграцияга кўмаклашиш, шунингдек, муҳожирларни ташишда авиакомпания хизматлари суиистеъмол қилинишининг олдини олишни ўз ичига олади.

Европа Иттифоқининг ички ишлар бўйича комиссари Илва Юханссоннинг айтишича, режа тўрт қисмдан иборат: одам савдосига қарши курашиш, чегараларни бошқариш, ноқонуний муҳожирларни келган жойига репатриация қилиш ва Европа меҳнат бозорига киришнинг қонуний йўлларини топиш.

Режа Марокаш, Сенегал, Мавритания ва Гамбия каби давлатлар билан ҳамкорликда амалга оширилади ва Европа Иттифоқига аъзо давлатларни миграцияни бошқариш, чегаралардан ноқонуний чиқиб кетишларнинг олдини олиш ва ушбу йўналиш бўйича ноқонуний муҳожирларнинг ҳаётини сақлаб қолишни мустаҳкамлашга қаратилган.

Режа, шунингдек, Шимолий Африка ва Саҳел (Шимолда Саҳройи Кабир ва жанубда Судан) мамлакатларини қайтиш, қайта қабул қилиш ва реинтеграция масалаларида қўллаб-қувватлаш мажбуриятини ўз ичига олади.

Европа Иттифоқи ҳам меҳнат миграцияси орқали қонуний миграцияни рағбатлантириш ниятида. Режа қидирув-қутқарув операцияларини қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади.

Юханссонга кўра, 2019 йилда Атлантика океани орқали Канар оролларига 3000 га яқин муҳожир етиб келган. 2020 йилда бу кўрсаткич 8 бараварга ошиб, 24 минг кишига етган. Ўсиш 2021 йилда ҳам давом этди. 2022 йилда Испания ва Марокаш билан тузилган ҳамкорлик натижасида бу миқдор 50 фоизга камайди.

Европа Комиссияси, шунингдек, Европа Иттифоқига ноқонуний миграцияни енгиллаштириш учун тижорат транспортларидан фойдаланиш бўйича чораларни эълон қилди.

Қайд этилишича, жиноий тармоқлар муҳожирларни Европа Иттифоқига яқин ёки чегарада жойлашган мамлакатларга етказиш учун учинчи давлатлар ўртасидаги тижорат рейслари, визасиз режимлар ёки меҳнат миграцияси имкониятларидан фойдаланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия мамлакатдаги 3,5 миллион суриялик қочқинларни юртига қайтариши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи миграция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made