Трампнинг Украина бўйича тинчлик режаси қисқартирилди. Ундан нималар олиб ташланди?

Олам

image

Россия ва Украина ўртасидаги можарони тугатишга қаратилган АҚШ режаси Женевадаги музокараларда қайта кўриб чиқилди. Ҳужжат 28 банддан 19 бандга камайтирилди. Бу ҳақда музокарага алоқадор манбаларга таяниб, “Financial Times” хабар берди.

Маълум қилинишича, бу қисқариш Киев ва Европа Иттифоқи вакиллари ҳужжатдаги айрим талабларнинг қабул қилиб бўлмаслигини билдирганидан кейин юз берган.

“Олдинги барча кўриб чиққан 28 бандлик тинчлик режаси энди мавжуд эмас. Бир қисми олиб ташланди, яна бир қисми ўзгартирилди”, деган Украина Президенти девони маслаҳатчиси Александр Бевз. 

У Киевнинг барча таклифлари ва эътирозлари инобатга олинганини таъкидлаган.

“The Washington Post” нашрининг ёзишича, Швейцариядаги музокаралардан сўнг янгиланган тинчлик режасидан АҚШ ва Россия ўртасидаги, Украина можаросига бевосита алоқаси бўлмаган муносабатларга оид бандлар чиқариб ташланган.

Нашрнинг маълумотига кўра, Киев НАТОга аъзо бўлиш масаласи альянснинг ўз процедуралари доирасида кўриб чиқилиши кераклигини талаб қилган, бунда аъзолик барча давлатларнинг консенсуси (бу барча томонларнинг умумий розилиги, яъни ҳамма келишиб, қарши бўлмаган ҳолат) билан ҳал қилинади. Бу аслида дастлабки лойиҳадаги НАТО кенгайишига вето ҳуқуқи бериш ғоясини бекор қилади.

“Politico” нашрининг ёзишича, Владимир Зеленский энг нозик ҳудудий масалаларни Дональд Трамп билан шахсан муҳокама қилишни режалаштирмоқда. WP маълумотига кўра, бу учрашув ҳам, телефон орқали суҳбат ҳам бўлиши мумкин.

“Bloomberg”нинг ёзишича, янги версиядан Россиянинг музлатилган активларидан қарийб 100 млрд долларни АҚШ назоратидаги Украина тикланиш фондига йўналтириш ҳақидаги банд ҳам олиб ташланган. Европа амалдорлари бу ўзгаришни ижобий баҳолаган. Чунки олдинги вариантда 50 фоиз фойда АҚШга берилиши ва сарфланмаган маблағлар Америка-Россия инвестиция жамғармасига ўтказилиши кўзда тутилган эди.

Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам Женевадаги музокаралардан сўнг тинчлик режаси бандлари камайганини тасдиқлаган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков Европанинг таклифлари самарасиз ва Кремль манфаатларига мос келмаслиги ҳақида айтган эди. У Европа таклифлари, деганда АҚШ ва Украина делегациялари Женевада муҳокама қилган ўша ҳужжат назарда тутилган-ми ёки йўқ аниқ айтмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Иттифоқи Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made