ЕИ Испанияга “соябон” тутди
Олам
−
04 Март 11964 2 дақиқа
Европа Комиссияси АҚШ Президенти Дональд Трамп Испания билан савдо муносабатларини тўхтатиш билан таҳдид қилганидан сўнг Мадридни қўллаб-қувватлашини билдирган. Брюссел баёнотига кўра, зарурат туғилса, ЕИ ўз савдо манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришга тайёр. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.
Можаро Испаниянинг АҚШ армиясига Эронга қарши амалиётларда ўз ҳарбий базаларидан фойдаланишга рухсат бермагани ортидан юзага келган. Оқ уйдаги чиқишида Трамп кескин нутқ қилиб, “биз Испания билан барча савдони тўхтатамиз” дея баёнот берган эди.
Еврокомиссия вакили Олоф Гилл ЕИ барча аъзо давлатлар билан тўлиқ ҳамжиҳат экани ва умумий савдо сиёсати доирасида Европа ўз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришга тайёрлигини қайд этди. Комиссия вице-президенти Стефан Сежурне ҳам “бир аъзо давлатга таҳдид — бу бутун Европа Иттифоқига таҳдид” эканини урғулаган.
Франция ҳам Мадриднинг тарафини олган. Президент Эммануэль Макрон Испания бош вазири Педро Санчес билан мулоқот қилиб, иқтисодий босимга қарши Европа бирдамлигини эслатган. Германия канцлери Фридрих Мерц эса вазиятни кескинлаштирмаслик зарурлигини таъкидлаган.
Вашингтон ва Мадрид ўртасидаги муносабатлар аввалдан ҳам мураккаб эди. Испания НАТО доирасида мудофаа харажатларини ошириш бўйича АҚШ талабларига эҳтиёткор муносабат билдириб келмоқда.
Live
Барчаси11:37
11:04