ЕИ Эронга қарши санкциялар киритмоқчи
Олам
−
19 Октябрь 2022
3301Европа Иттифоқи Украинадаги можаро юзасидан Россияни қўллаб-қувватлагани учун Эронга қарши санкцияларни 20-21 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган ЕИ саммити бошланишидан олдин маъқуллайди, унда 27 давлат раҳбарлари ҳам бу масалани муҳокама қилади. Бу ҳақда бугун, 19 октябрь куни Брюсселда журналистларга ЕИнинг юқори мартабали вакили маълум қилди.
“Биз санкцияларни жорий қилиш жараёнидамиз ва бу саммитга қадар якунланади”, дейди у.
ЕИ вакили, шунингдек, Европа Иттифоқи Теҳроннинг Москвага учувчисиз учиш аппаратларини етказиб берганига оид етарлича далиллар тўплаганини айтди.
“Раҳбарлар Эронга қисқача тўхталиб ўтади. Ҳам ички репрессия, ҳам Эроннинг Россияни қўллаб-қувватлаши”, дейди у.
Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррелнинг матбуот котиби Набила Массрали Брюсселда бўлиб ўтган брифингда Европа Иттифоқи бу фаолият ҳақида етарлича далиллар тўплаганини ва тезкор жавоб тайёрлаётганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 19 октябрь куни Украина Олий Радаси баёнот қабул қилиб, ҳукуматни Эрон билан дипломатик муносабатларни узиш ва Теҳрон билан имзоланган визани либераллаштириш бўйича келишувларни бекор қилиш учун тартибларни бошлашга чақирди.
Август ойида “The Washington Post” газетаси Эрон Россияга ўз дронларини йетказиб бераётгани ҳақида мақола чоп этган эди. Кейинчалик шунга ўхшаш баёнотлар Америка маъмурияти вакиллари томонидан қилинган.
Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков бу маълумотни сохта деб атади. Шунингдек, у Россияда маҳаллий ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишини таъкидлади. Ўз навбатида, Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳийн сентябрь охирида Теҳрон Украинадаги можарода қатнашаётган томонлардан ҳеч бирини қўллаб-қувватламаслигини ва Киевга ҳам, Москвага ҳам чет эл қуроллари етказиб берилишига қарши эканини айтди.
LiveБарчаси