ЕИ давлатлари Россияга максимал босим ўтказишга келишиб олди

Олам

image

Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари Россия нефтининг учдан икки қисмини импорт қилишга эмбарго қўйиш бўйича келишиб олди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Украина бўйича режадан ташқари саммити ўтаётган Брюсселда Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель маълум қилди. 

“Россия нефтини Европа Иттифоқига экспорт қилишни тақиқлаш бўйича келишув. У Россия нефть импортининг учдан икки қисмидан кўпроғини қоплайди ва бу унинг уруш машинасини молиялаштиришнинг катта манбасини тўхтатади. [Бу] урушни тугатиш учун Россияга максимал босим", деб ёзди у Twitter саҳифасида. 

Сбербанкнинг SWIFT’дан узилиши

Европа Иттифоқи давлатлари ва ҳукуматлари раҳбарлари Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакети бўйича келишиб олдилар, хусусан, Сбербанкни SWIFT халқаро молиявий хабар алмашиш тизимидан узиб қўйиш ва яна учта Россия давлатининг оммавий ахборот воситасини Евроиттифоқ ҳудудида трансляциясини тақиқлашни ўз ичига олади.  

“Ушбу санкциялар пакети бошқа қаттиқ чораларни ҳам ўз ичига олади: Россиянинг энг йирик банки Сбербанкни SWIFT’дан узиб қўйиш, яна учта Россия давлат телерадиокомпаниясини тақиқлаш ва Украинадаги уруш жиноятлари учун масъулларга нисбатан санксиялар қўллаш”, дейди Мишель.

Европа Кенгаши вакилининг Брюсселда журналистларга айтишича, бу сиёсий қарор бўлиб, ундан кейин техник процедура бўлиши керак. Қарор қабул қилингандан кейингина ЕИнинг расмий журналида эълон қилинади ва кучга киради. 

Украинага ёрдам ҳақида

Қайд этилишича, Европа Иттифоқи ва унинг катта еттиликдаги ҳамкорлари Украинага 9 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш ниятида. 

"Европа Кенгаши (Европа Иттифоқи саммити) Украинага жорий ликвидлик эҳтиёжларини қоплаш учун ёрдам кўрсатишни давом эттиришга қарор қилди. Европа кенгаши Украинага 9 миллиард евро беришга тайёр", деб ёзади Мишель.

Аввалроқ Европа кенгашидаги манба ушбу ёрдам дастурининг бир қисми грантлар, бир қисми эса имтиёзли кредитлар кўринишида тақдим этилишини айтган эди. 

ЕИ етакчилари дастурнинг кредит ва грант қисмлари нисбати қандай бўлишини ҳали эълон қилмаган. Шунингдек, ЕИ ушбу дастурни қайси манбалар ҳисобидан молиялаштирмоқчи эканлиги ҳам ҳали аниқ эмас. Европа Комиссияси аввалроқ бу мақсадда еврооблигациялар чиқаришни таклиф қилган эди, бироқ бу режа Европа Иттифоқи давлатларининг жиддий танқидига учради.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

88

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг