ЕИ давлатлари депортациянинг янги қоидаларини зудлик билан маъқуллашни талаб қилди
Олам
−
18 Октябрь
2862Европа Иттифоқи давлатлари муҳожирларни депортация қилиш тартибини тезлаштиришга қаратилган янги қоидаларнинг зудлик билан қабул қилиниши кераклигини билдирди. Бу ҳақда кеча, 17 октябрь куни Брюсселда эълон қилинган ЕИ саммити декларациясида келтирилган.
Декларациянинг миграция бўлимида Европа Иттифоқи ноқонуний муҳожирларни чиқариб юборишни осонлаштириш ва тезлаштириш учун барча даражаларда қатъий чоралар кўришга чақириши таъкидланган.
ЕИ етакчилари, шунингдек, иммиграциянинг сиёсий эксплуатациясига қарши курашиш ва ЕИнинг ташқи чегараларини барча мавжуд воситалар ёрдамида ҳамда Европа ва халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилган ҳолда ҳимоя қилишга қатъиятли эканини яна бир бор тасдиқлаган.
Декларацияда таъкидланишича, Россия, Беларусь ва бошқа давлатлар иттифоққа аъзо давлатларнинг қадриятларини, жумладан, бошпана олиш ҳуқуқини суиистеъмол қилишига ва демократияга путур етказишига йўл қўймаслиги керак. Европа Кенгаши Польша ва ушбу муаммоларга дуч келаётган бошқа давлатлар билан бирдамлик билдирган.
Саммит декларациясида истисно ҳолатлар тегишли чоралар кўришни талаб қилиши ҳам айтиб ўтилган.
Ноқонуний миграцияга қарши кураш малакали ишчилар оқимига тўсқинлик қилмаслиги керак
Германия канцлери Олаф Шольц ноқонуний миграцияни камайтириш кераклигини айтди. Шу билан бирга, Шольцнинг фикрича, ЕИ малакали ишчи кучининг зарур иммиграциясига доимо очиқ қолиши керак.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен аввалроқ ушбу соҳадаги мавжуд директивалар ва қоидаларни кучайтиришга қаратилган янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишини эълон қилган эди. Саммит олдидан Европа Иттифоқига аъзо давлатларга йўллаган мактубида фон дер Ляйен ҳужжатда қувиб чиқариш бўйича ҳамкорлик бўйича аниқ мажбуриятлар бўлишини ва ноқонуний муҳожирларни уйларига юбориш жараёнини самарали тарзда тартибга солиш кераклигини тушунтирганди.
Саммит арафасида Италия ҳукумати раҳбари Жоржиа Мелони бир қанча давлатлар, жумладан Австрия, Венгрия ва Полша раҳбарлари билан учрашиб, депортация марказини Албанияга кўчириш каби “прагматик ечим” ҳақида гаплашди. Мелони билан учрашувда Олаф Шольц ҳам, Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам иштирок этмади. Уларнинг иккаласи ҳам аввалроқ Албания ва бошқа учинчи мамлакатларда депортация марказларининг жойлаштирилишига шубҳа билан қараган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро миграция ташкилоти томонидан тақдим этилган ҳисоботда Украина-Россия коридори муҳожирлар сони бўйича дунёда учинчи ўринда туриши маълум қилинганди. Биринчи ўринни Мексика-АҚШ, иккинчи ўринни Сурия-Туркия йўналиши эгаллаган. Бешинчи ўринда Россия-Украина миграция коридори туради.
Меҳнат муҳожирларининг энг кўп қисми Жанубий, Шимолий ва Ғарбий Европада иш топади. Иккинчи ўринда Шимолий Америка туради, араб минтақаси эса кучли учликни ёпади.
Ҳисоботда таъкидланишича, халқаро миграция инсон тараққиёти ва иқтисодий ўсишнинг сабабчиси бўлиб қолмоқда, буни 2000 йилдан 2022 йилгача халқаро пул ўтказмаларининг йилига 128 миллиард АҚШ долларидан 831 миллиард АҚШ долларига ошгани тасдиқлайди.
LiveБарчаси