ЕИ Беларусга нисбатан навбатдаги санкциялар пакетини қабул қилди
Олам
−
02 Декабрь 2021
4595Европа Иттифоқи кенгаши бугун, 2 декабрь куни чегарадаги миграция инқирози муносабати билан Беларусга қарши санкцияларнинг бешинчи пакетини тасдиқлади. Бу ҳақда ЕИ кенгаши тарқатган баёнотида айтилади.
“Европа Иттифоқи Кенгаши Белоруссиянинг мигрантларни Ёвропа Иттифоқи давлатларига босим ўтказишга қаратилган гибрид ҳаракатлари муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга қарши индивидуал тақиқловчи чора-тадбирларнинг бешинчи пакетини маъқуллади”, дейилади баёнотда.
Янги санкциялар пакетига 30 га яқин жисмоний ва юридик шахслар, жумладан Белавиа авиакомпанияси ҳам киритилган. У энди Европа компаниялари ижарага олган самолётлардан фойдалана олмайди.
Ушбу чора Белавиа компаниясининг Беларусдаги кўп сонли одамларни инқироз зоналаридан ЕИ мамлакатларига кўчириб ўтказишининг олдини олиш учун тайинланган. Шунингдек, муҳожирларни Беларусга олиб ўтишда пул ишлаб топувчи Суриянинг Cham Wings авиакомпанияси ҳам санкциялар остида қолади.
Евроиттифоқнинг Беларусга қарши санкцияларининг бешинчи тўплами 11 юридик шахсга нисбатан чекловларни назарда тутади.
Маълумот ўрнида, бир неча ҳафта давомида минглаб муҳожирлар Беларусь чегарасини кесиб ўтиб, Европа Иттифоқига киришга ҳаракат қилмоқда. Брюссель Беларусь ҳукмдори Лукашенкони инқирозли ҳудудлардан мигрантлар оқимини атайлаб Минскка йўналтиришда, кейин эса Ғарбдаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида уларни Европа Иттифоқига олиб киришда айбламоқда. Беларусга қўшни Европа Иттифоқи давлатлари муҳожирларни тўхтатиш учун ўзларининг шарқий чегараларида сим тўсиқлар ўрнатган.
Сўнгги кунларда Польша-Беларусь чегарасида вазият бироз барқарорлашган. Бироқ тунги вақтда мигрантларнинг кичик гуруҳлари чегарадаги тиканли симлардан ўтиб, Польшага киришга уринишда давом этмоқда. Польша чегара хизмати 30 ноябрга ўтар кечаси Беларусдан 134 марта чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уриниш бўлганини маълум қилди.
Еврокомиссия маълумотларига кўра, йил бошидан бери деярли саккиз минг муҳожир Беларусь орқали Европа Иттифоқига кўчиб ўтган. Улардан 4300 таси Литвага, 3200 таси Польшага ва 400 дан ортиғи Латвияга кирган.
LiveБарчаси