ЕИ баҳорда Киевга 1 миллион снаряд етказиб беради
Олам
−
10 Январь
3251Европа Иттифоқи ўз ваъдасини бажаради ва шу йилнинг март ёки апрель ойларида Украинага 1 миллион артиллерия снарядлари етказиб беради. Бу ҳақда Европарламентнинг “Европани янгилаш” либерал фракцияси томонидан ташкил этилган тадбирда ички бозор бўйича Европа комиссари Тьерри Бретон маълум қилди.
"Биз бу ваъдада турибмиз, унинг бажарилиши "мутлақо реалдир", деган Бретон.
Унинг сўзларига кўра, бу мақсадга эришиш учун Европа Иттифоқи давлатлари учинчи давлатларга қурол экспортини камайтириши, шунингдек, миллий ҳукуматлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун мудофаа компанияларига босим ўтказиши керак.
Шунингдек, Терри Бретон Европа Иттифоқи қурол ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ва бир ярим-икки йил ичида бу кўрсаткич бўйича Россия билан тенглашишга қодирлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, комиссар Бретон 100 миллиард евро миқдорида Европа мудофаа фонди EDIP’ни яратиш режаларини эълон қилди. Бу Европа мамлакатларига ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун қурол ва мудофаа компанияларини биргаликда сотиб олиш имконини беради. Унинг сўзларига кўра, февраль ойи бошида бўладиган саммитда Европа Иттифоқининг давлат ва ҳукумат раҳбарлари ушбу масалани муҳокама қилади. Европа комиссари 27 февраль куни фонд лойиҳасини тақдим этиш ниятида.
Маълумот учун, ўтган йилнинг март ойида Европа Иттифоқи Украинага бир йил ичида 1 миллион артиллерия ўқини етказиб беришга ваъда берган эди. Бироқ, Европа қурол ишлаб чиқарувчилари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Германия Мудофаа вазири Борис Писториус ваъда қилинган ўқ-дориларни ўз вақтида етказиб беришда қийинчиликлар борлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, шу ой бошида Германия ҳукумати Украинага Leopard 2 танклари учун снарядлар ва 10 та Marder жанговар машиналарини етказиб берганди.
LiveБарчаси