ЕИ ҳам АҚШнинг бож сиёсатига жавоб қайтаради (видео)
Олам
−
12 Март
4163Еврокомиссия АҚШ томонидан эълон қилинган ва жорий йил апрель ойи ўрталарида кучга кирадиган божхона тарифларига жавобан чора кўришини эълон қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий веб-сайтида баёнот эълон қилинди.
Еврокомиссия баёнотига кўра, бугун, 12 март куни Қўшма Штатлар Европа Иттифоқи ва бошқа савдо ҳамкорларидан импорт қилинадиган пўлат, алюминий ҳамда айрим маҳсулотларга 25 фоизгача бўлган божлар жорий этган. Бунга жавобан, Комиссия “асосланмаган савдо чекловлари” таъсиридан Европа бизнеси, ишчилари ва истеъмолчиларини ҳимоя қилиш учун қатор чора-тадбирларни ишга туширмоқда.
“Чунки, АҚШнинг янги тарифлари қамров бўйича анча кенгроқ ва Европа савдосига анча катта миқдорда таъсир қилади. Шу сабабли, 12 март куни Комиссия АҚШга қўшимча жавоб чораларини жорий этиш жараёнини бошлади. Бу чоралар 18 миллиард евро қийматидаги маҳсулотларга нисбатан қўлланилади ва 2018 йилдан қайта тикланган чоралар билан биргаликда амал қилади. Мақсад – АҚШнинг янги тарифлари таъсир қилган савдо ҳажмига мувофиқ тарзда ЕИнинг умумий жавоб чораларини кафолатлаш”, дейилади Еврокомиссия баёнотида.
Таъкидланишича, божлар саноат маҳсулотларига, жумладан, пўлат ва алюминий маҳсулотлари, маиший техника ҳамда хўжалик анжомларига жорий қилинади. Шунингдек, бу чоралар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳам қамраб олади: мол гўшти, денгиз маҳсулотлари, тухум, сут маҳсулотлари ва сабзавотлар.
Шу билан бирга, Еврокомиссия босқичма-босқич ҳаракат қилишни режалаштирмоқда. 1 апрелдан бошлаб АҚШнинг 8 миллиард евро қийматидаги маҳсулотларига жавоб тариқасида чекловлар жорий қилинади. Иккинчи босқичда 13 апрель куни 18 миллиард евро қийматидаги маҳсулотларга нисбатан савдо чекловлари кучга киради.
Натижада Евроиттифоқнинг жавоб чораларининг умумий ҳажми АҚШдан импорт қилинадиган 26 миллиард евро қийматидаги маҳсулотларни қамраб олади. Еврокомиссия баёнотига кўра, бу АҚШнинг янги божларидан етказилиши кутилаётган зарарга тенг миқдорни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойининг охирида АҚШ Президенти Дональд Трамп Европа Иттифоқидан импорт қилинадиган товарлар, жумладан, автомобилларга 25 фоиз бож жорий этишини эълон қилган эди. Ўшанда АҚШ Президенти ЕИни АҚШга зарар етказиш мақсадида яратилган тузилма деб атаган ва Европа мамлакатлари аввалдан АҚШга нисбатан душманона муносабатда бўлганини таъкидлаган эди.
LiveБарчаси