ЕЧЛ: Парижда “бойлар жанги”, Роналдудан рекорд, ўзбекистонлик футболчи “Реал”га қарши ўйнайди
Спорт
−
28 Сентябрь 2021
13740Бугун, 28 сентябрь UEFA Чемпионлар лигасининг 2-турига старт берилади. Таркибида Месси, Неймар ва Мбаппе сингари супер юлдузлари бўлган ПСЖ ўз майдонида “Манчестер Сити”ни қабул қилса, “Милан” “Атлетико” билан ҳисоб-китоб қилади. Ўзбекистонлик Жасурбек Яхшибоев ўйнаётган “Шериф” жамоаси Мадридда “Реал” меҳмони бўлади.
Шунингдек, эртага, 29 сентябрь куни Роналду етакчилигидаги “Манчестер Юнайтед” Европа Лигаси финалидаги мағлубият учун “Вильярреал”ни, турнир ғолиби “Челси” эса Туринда “Ювентус”ни таслим этишга уриниб кўради.
ЕЧЛ ярим финали учун реванш олиш имконияти: ПСЖ – “Манчестер Сити”
“Манчестер Сити” ўтган мавсум ЕЧЛ ярим финалида ПСЖни мағлуб этиб, ўз тарихида илк бор финалга қадар етиб борган эди. Бироқ, бу сафар “Парк де Пренс”даги саёҳат осон кечмаслиги аниқ. Гарчи Мбаппе ва Неймар ўртасидаги муносабатлар юришмаётган, Мессига ўйин амалиёти кам берилаётган бўлса-да, кучли рақибга қарши ўйинга мураббий ва футболчилар астойдил тайёргарлик кўргани аниқ. Боиси, 1-турда “Брюгге” парижликларни 3 очкодан маҳрум қилган эди, шу сабаб натижадан қатъи назар, футбол мухлислари учун муҳим беллашув бўлади.
“Учрашув ўзгача тарзда ўтиши, шубҳасиз. Чунки “Сити” Европанинг энг яхши жамоаларидан бири”, дейди ПСЖ бош мураббийи Маурисио Почеттино.
“Сан-Сиро”га ЕЧЛ қайтмоқда: “Милан” – “Атлетико”
Италиянинг “Милан” клуби UEFA Чемпионлар лигасидаги биринчи уй учрашувини етти йиллик танаффусдан сўнг, “Атлетико”га қарши ўтказади. Сўнгги бор 2014 йилнинг февралида бўлиб ўтган ЕЧЛ нимчорак финал баҳсида жамоани айнан мадридликлар мусобақадан чиқариб юборган эди. Таркибида Кака, Марио Балотелли, Адель Таарабт ва Майкл Эссьен сингари футболчилари бўлган “россонерилар” Диего Костанинг ажойиб ўйини эвазига 1:5 ҳисобида мағлуб бўлган. 1-турда очко йўқотган ҳар икки жамоа бугун ғалаба учун майдонда ҳаракат қилади ва уларнинг имкониятларини тенг, деб баҳолаш мумкин.
“Энди ҳикоямизнинг бир қисмини Чемпионлар лигасида ёзишга ҳаракат қиламиз, биз муҳим бир ишни амалга оширмоқчимиз”, дейди “Милан” бош мураббийи Стефано Пиоли.
Холландга қарши кураш: “Боруссия” – “Спортинг”
“Бешиктош”га қарши кечган ЕЧЛ 1-турида Эрлинг Холланд рақиб дарвозасини ишғол қилди ва Чемпионлар лигасидаги голлари сонини 21 тага етказган ҳолда мусобақа тарихидаги энг яхши 50 тўпурардан бирига айланди. Эътиборли томони, “Спортинг” ўз майдонида “Аякс”дан йирик ҳисобда енгилди ва ҳужумчи Себастиан Аллер покерга эришди. Агар жамоа ҳимоя чизиғида ишончли ҳаракат қилмаса, Холланд тўпурарлар пойгасида янада илгарилаб кетиши эҳтимолдан ҳоли эмас. “Боруссия” ушбу ўйинда яққол фаворит.
Роналдуда яна бир рекорд: “Манчестер Юнайтед” – “Вильярреал”
“Манчестер Юнайтед” ўтган мавсум Европа лигаси финалидаги рақиби – “Вильярреал” билан “ҳисоб-китоб” қилади. Мусобақа тўпурари Криштиану Роналду ушбу баҳсда иштирок этиш орқали яна бир рекорд соҳибига айланиши мумкин. Бу унинг учун турнир доирасида ўтказилган 177-ўйин сифатида қайд этилади ва ушбу натижа орқали Икер Касиляснинг рекордини такрорлаши мумкин. Жамоа биринчи турда “Янг Бойз”га мағлуб бўлди, “Вильярреал” эса “Аталанта” билан дурангга имзо чеккан. Испан клуби кучли жамоаларга бош оғриқ бўлишни яхши кўради. Шунинг учун бу ўйинда фаворит йўқ.
“Бу кўп йиллик чидамлилик, профессионаллик ва барқарор ўйинларнинг самарасидир”, дейди “қизил иблислар” бош мураббийи Оле Гуннар Сульшер Роналдунинг рекорди ҳақида.
“Челси” Роналдудан қолган “Ювентус” қарши
ЕЧЛнинг ўтган мавсумдаги ғолиби “Челси” Томас Тухель қўл остида янада кучли жамоага айланди. Қўшимчасига “Интер” билан Италия чемпионлигини қўлга киритган Ромелу Лукаку жамоага олиб келинди. “Ювентус”нинг муаммолари бош мураббий Массимилиано Аллегри билан ҳал бўлиб қолгани йўқ. “Зебралар” Италия А сериясида 10-поғонани эгаллаб турибди. Туриндаги баҳс катта эҳтимол билан гуруҳ ғолибини аниқлаш учун хизмат қилади.
Мюллер элита қатламга кўтарилиши мумкин: “Бавария” – “Динамо Киев”
“Бавария” вакили Томас Мюллер UEFA Чемпионлар лигасида 50 голлик довонга етган саккизинчи футболчига айланиши мумкин. Унинг жамоаси Киевнинг “Динамо”сини қабул қилади. Агар у рақиб дарвозасига гол киритса, тўпурарлар жадвалида Тьерри Анри билан тенглашиб олади. Ундан юқорида ҳозирча Криштиану Роналду, Лионель Месси, Роберт Левандовски, Карим Бензема, Рауль Гонсальес ва Руд ван Нистелрой бормоқда. Мюнхенликлар учрашувда яққол фаворит ва уни амалда исботлаш қолди, холос.
UEFA Чемпионлар лигаси десерти
Леонардо Бонуччи (“Ювентус”), Муҳаммад Салоҳ (“Ливерпуль”) ва Ярослав Ракитский (“Шахтёр”) еврокубокларда 99 та ўйинда майдонга тушган. Навбатдаги учрашув улар учун 100-баҳс бўлади.
Шунингдек, бугун, 28 сентябрь куни ўзбекистонлик футболчи Жасурбек Яхшибоев тўп тепаётган Молдованинг “Шериф” клуби Мадридда “Реал” билан баҳс олиб боради. Эртага, 29 сентябрда Кумансиз “Барселона” 1-турдаги шармандали мағлубиятдан сўнг, португалияда “Бенфика” меҳмони бўлади.