“Яшил”га ўтган 10 та ҳудудда масжидлар очилди
Жамият
−
16 Июнь 2020
11597Аввалроқ, жорий йилнинг 13 июнь ҳолатига Ўзбекистондаги туман ва шаҳарларнинг “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифалар бўйича янгиланган рўйхати эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Унга кўра, Бухоро вилояти Когон тумани, Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани, Навоий вилояти Конимех тумани, Самарқанд вилояти Пастдарғом, Оқдарё, Тайлоқ ва Жомбой туманлари, Сирдарё вилояти Сардоба тумани ва Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани, Нурафшон шаҳрига “яшил” ҳудуд тоифаси берилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг карантин даврида масжидлар фаолиятини ташкил этиш юзасидан баёнотига мувофиқ, шу йил 16 июндан бошлаб, ушбу ҳудудларда жойлашган масжидлар намозхонлар учун очилади. Бу ҳақда идора Матбуот хизмати хабар берди.
Аксинча, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани, Бухоро вилояти Вобкент тумани, Наманган вилояти Наманган ва Чуст туманлари, Сурхондарё вилояти Бойсун, Музробод туманлари, Қашқадарё вилояти Китоб тумани, Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри “қизил” ва Навоий вилояти Навоий шаҳри, Тошкент вилояти Пскент тумани, Қашқадарё вилояти Муборак тумани эса “сариқ” тоифа берилиши сабабли ушбу ҳудудлардаги масжидлар фаолияти вақтинча тўхтатилади.
“Қизил” ёки “сариқ” худудлардан “яшил” худудлар қаторига ўтиш ва масжидлар ўз фаолиятини қайта бошлашида – ҳар бир инсоннинг ҳиссаси катта бўлади, карантин мезонларига амал қилиш айни матлуб ва шариатда буюрилган ишдир”, дейилади Мусулмонлар идораси хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 15 март куни Ўзбекистона илк бор коронавирус инфекцияси қайд этилиши билан мамлакатдаги масжидлар ёпилганди. Шундан сўнг орадан деярли 3 ой вақт ўтгач, диний муассасалар фаолияти қайта йўлга қўйилди. 8 июндан “яшил” тоифага кирувчи ҳудудларда масжидлар эшикларини яна очди.
LiveБарчаси