Ўзбекистонда 80 кундан кейин масжидлар очилди
Жамият
−
08 Июнь 2020
10274Бугун, 8 июндан “яшил” ҳудудларда жойлашган масжидлар ўз фаолиятини бошлади. Жомеларда эрта тонгдан келган намозхонлар ижтимоий масофани сақлаган ҳолда бомдод намозини адо этди. Шу билан “яшил” ҳудудларда карантин мезонларига амал қилган ҳолда файзли ибодатлар бошланди.
“Халқимиз бошга тушган синовларни “Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”, деган ояти каримага амал қилиб, чиройли сабр ила енгиб ўтмоқда. Чиндан ҳам, ҳар қадай қийинчилик ортида енгиллик борлигини аҳолимиз ўз фаолиятини қайтадан бошлаётган жомеларимиз мисолида яққол ҳис этмоқда.
Таъкидлаш керакки, “сариқ” ва “қизил” ҳудудлар “яшил” ҳудудга ўтгунга қадар бир оз сабр қиламиз, келгусида у ерларда ҳам масжидлар фаолиятига рухсат этилади, инша Аллоҳ”, дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабарида.
Ўзбекистонда 80 кундан сўнг илк бомдод намози масжидларда, жамоат бўлиб ўқилди.
Маълумот учун, карантин шароитидан келиб чиқиб, масжидларда жамоат бўлиб намоз ўқиш учун алоҳида талаблар белгиланганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилгандан сўнг, мамлакатда масжидлар ёпилиб, намозни уйда ўқиш тавсия қилинганди.
LiveБарчаси