Япониянинг ўзгача одатлари: оилавий ванна, қўл ювмаслик, “қийшиқ табассум”

Бу қизиқ

image

Япония тарихдаги йўқотишлари ва тез-тез содир бўлиб турадиган табиат инжиқликларига қарамасдан қисқа муддатда забт этган ютуқлари билан дунё мамлакатлари олдида ўзига хос намуна вазифасини ўтайди. Мамлакат иқтисодиёти, инновацион ишланмалар, илм-фан ривожи ва хизмат кўрсатиш соҳаларида эришилган ютуқлар дунёда “япон мўжизаси” деб аталиши кўпчиликка маълум. Кўли номини балиғи танитади деганларидек, мамлакат мувафаққиятида япон халқининг меҳнати ва ҳаракатлари чексиз экани аниқ. Қанчалик замонавийликка даъво қилмасин, уларнинг ҳам бошқаларни ажаблантирадиган анъаналари мавжуд. Мақолада шундай одатларнинг бир нечтаси ҳақида сўз боради.

Қўл ювмаслик – оддий ҳол

Японияда мавжуд бир одат мамлакат меҳмонларини ёмон маънода таажжублантиради. Гап шундаки, одатда японияликлар ҳожатхонадан фойдалангач, қўлларини ювмайди. Ҳа, тартибли, мулозаматли ва “энг тоза халқ” бўлган японлар шундай қилади! Бунга зарурат бўлмаган ишдан чекланиш деб қарашади. Аслини олганда, қўл ювмасликка ҳеч қандай асос йўқ, аммо кўпчилик японлар ювишга ҳам асос йўқ деб ҳисоблайди. Кўпинча, мамлакатга кўчиб келган ёки меҳнат қилаётган чет элликлар бунга тоқат қила олмайди ва ижтимоий тармоқларда “яхши ҳамки, Японияда одамлар қўл бериб кўришмайди” қабилида ҳазиломус постлар қолдиради. Энг қизиғи, 2015 йилда ўтказилган сўровномада иштирок этган японияликларнинг 15 фоизи ҳожатдан кейин қўл ювмаслигини айтган бўлса, бу кўрсаткич АҚШда 50 фоизни ташкил қилган.

Таомлар нархи яширилади

Япониядаги баъзи ресторанлар менюсида таом нархлари кўрсатилмайди. Улар ўз мижозларининг тўловни ўйлаб ташвишланмаслиги ва бемалол овқатланиши учун ҳам шундай қилади. Мамлакатдаги ресторан бизнесменлари орасида “агар мижоз нархларни билса, тежамкорлик мақсадида ўзи хоҳлаган таомни эмас, арзонроғини буюртма қилишга мойил бўлади” деган тушунча кенг тарқалган. Ҳатто баъзи ресторанлар мижозларга меню ҳам тақдим этмайди, шунчаки “нима танаввул қилишни истайсиз” деб сўралади ва бу орқали хўранда фикрини чалғитмасдан, унинг нима хоҳлаётганини билиш мумкин деб ҳисобланади. Эътиборли жиҳати, одатда бундай ресторанлар қиммат эмас ва бошқалар билан деярли бир хил нархда хизмат кўрсатади.

Телефонлар сув ўтказмайди

Японияда ишлаб чиқарилган смартфонларда суратга олиш вақтида чиқадиган овозни ўчириб қўя олмайсиз. Бу фақат шу давлат аппаратларида учратиладиган ноёб хусусият. Бундай телефонларнинг яна бир жиҳати борки, улар сув ўтказмас қилиб ишланган. Бу хусусият айниқса сўнгги ўн йилдан ортиқ вақт давомида оммалашди. Кўпинча, бу мамлакатдаги чўмилиш маданияти билан боғлиқлиги айтилади. Японияликларнинг узоқ иш кунидан сўнг душ қабул қилаётган вақтда телефондан фойдаланишлари одатий ҳолдир. Сув ўтказмаслик хусусияти душ пайтида асқотиши аниқ.

Йиғлаш бўйича кураш

Кўпчилигимиз Япониянинг миллий сумо кураши ҳақида биламиз. Лекин уларнинг болаларни кўтариб олган ҳолда рақибининг қўлидаги болани йиғлатишга уриниши ҳақида ҳамма ҳам эшитмаган бўлса керак. Бундай кураш Наки Сумо (泣き相撲) фестивалида бўлиб ўтади. Ушбу 400 йиллик анъана ҳар апрель ойида Токиодаги Сэнсо-дзи (浅草寺) ибодатхонасида ташкиллаштирилади. Болалар тадбирга ота-оналари томонидан олиб келинади ва сумо курашчилари уларни саҳнага олиб чиқиб, қўрқинчли юз ифодалари, ниқоблар ёки қичқириқлар билан йиғлатишга ҳаракат қилади. Болаларнинг чинқириб йиғлаши атрофда яшириниб юрган жинларни қувиб чиқаришига ва энг “яхши йиғлагани” соғлом бўлиб, узоқ умр кўришига ишонилади.

Қийшиқ тишлар — обрў

Баъзи одамлар қийшиқ тишларини тўғрилатиш учун миллионлаб пул сарфлайди. Японлар учун эса бу умуман муаммо эмас, аксинча, қийшиқ тишли одамлар ёқимтой саналади. Халқ орасидаги талабдан келиб чиқиб мамлакатдаги баъзи стоматология клиникалари ўз мижозларига “қийшиқ табассум”ни таклиф қилмоқда. Бу мижознинг ҳақиқий тишларига бир марталик ёки узоқ муддатли сунъий тиш ёпиштириш орқали амалга оширилади.

“Фаррош болалар”

Бутун дунёдан фарқли ўлароқ, Япония мактаб ва университетларида фаррошлик иш ўринлари мавжуд эмас. Бу ролни таълим олувчиларнинг ўзи бажаради. Япониялик ўқувчилар мактаб кунларининг бир қисми сифатида синф хоналарни тозалашади. Бунга ҳаммом, коридорлар ва бошқа объектлар ҳам киради.

Изоляциядаги инсонлар

Япониянинг узоқ иш кунлари, кучли рақобат ва қимматли нархлари одамларни ортиқча стрессда яшашга, қатъий режалар асосида ҳаракат қилишга мажбурлайди. Оқибатда аҳолининг катта қисми депрессияга тушиб қолади ва ҳатто кўпчилик ўз жонига қасд ҳам қилади. Айнан шу жиҳат “Япониянинг қора томони” сифатида талқин этилади. Ишониш қийин, аммо мамлакатда энг кўп суицид амалга ошириладиган манзиллар рейтинги ҳам мавжуд. Бундан ташқари, японлар табиатан жуда одамовилашиб бормоқда ва изоляцияланиш маъносидаги “ҳикикомори” тушунчаси айнан шу давлатда пайдо бўлиб, кейинчалик бошқа мамлакатларга ҳам тарқалган. 

Ҳикикомори (引き籠もり) жамиятдан бутунлай узоқлашиш ва экстремал ҳолатга интилишни англатади. Ҳисоб-китобларга кўра, бугунга келиб Японияда 800 мингдан ортиқ ҳикки истиқомат қилади. Улар умрини оддий, деярли бир хил сценарийда ўтказади: хонасида ухлайди, онлайн тарзда ишлайди, аниме томоша қилади, ижод қилади ёки шунчаки ёлғизлик ва жимжитликдан роҳатланади.

Қора мушук омад келтиради

Кўпгина мамлакатларда қора мушук омадсизлик ва нохуш хабар даракчиси ҳисобланади. Бироқ Японияда ҳаммаси аксинча! Бу давлатда қора мушук — омад белгиси. Япон маданиятида қора мушуклар бойлик ва фаровонлик олиб келади, деб ишонилади.

Энг кўп кечирим сўрайдиган халқ

Японлар нафақат меҳнаткаш, балки жуда мулозаматли халқ ҳам ҳисобланади. Улар кундалик ҳаётда саноқсиз даражада “кечирасиз” сўзини ишлатиши мумкин. Масалан, кимгадир мурожаат қилишга тўғри келса, албатта гап “кечирасиз” билан бошланиши керак. Йўқса, сиз “одобсиз”га чиқасиз ва катта эҳтимол билан мурожаатингиз қондирилмайди. Бу японларнинг мулозаматли халқ эканиданми ёки ҳурматталаб эканиданми, аниқ айтиш қийин. Аммо эътибор қилиш керакки, мамлакатдаги кўплаб ресторанларда қўнғироқчани чалмасангиз, сизга хизмат кўрсатиш учун ҳеч ким келмайди.

Об-ҳавога эмас, тақвимга қараб кийиниш

Японияда қандай кийим кийишни бошқа давлатлардаги каби об-ҳаво эмас, балки календарь ҳал қилади. Мамлакатда таълим даргоҳлари ва бошқа баъзи ташкилотларнинг қатъий дресс-кодлари мавжуд ва бундан чекиниш мумкин эмас. Масалан, ҳаво қандайлигидан қатъий назар, мактабларда 1 июндан 1 сентябргача енги калта кўйлакларни кийиш мумкин эмас. Талабаларга эса ёзги формаларини 1 июнгача ёки қишки формаларини 1 декабргача кийишга рухсат берилмайди.

Оилавий ванна

Японияда яна бир узоқ йиллик анъана мавжудки, у кўпгина халқлар учун тасаввур қилиб бўлмас даражада ғалати. Гап оилавий бирга қабул қилинадиган ванналар ҳақида кетмоқда. Япон оилалари учун бундай амалиёт уларга нафақат қалбан, балки жисмонан бирликни таъминлаш учун муҳим. Ажабланарлиси, ота-оналар умумий ҳолда ҳаммомда вақт ўтказишни вояга етган фарзандлари билан ҳам амалга оширади. Уларнинг сўзларига кўра, бу оиланинг умумий бактериал тизимини ҳам яратади. Тадқиқотлар эса бунинг ҳақиқатлигини исботлади, яъни оилавий ванна қиладиган ва қилмайдиган оилалар таққослаштирилганида бундай амалиётни бажарувчи оила аъзолари бир-бириникига жуда ўхшаш бактерияларга эга экани аниқланган. Аммо эстетик нуқтаи назаридан бу анъана бошқа халқлар томонидан қабул қилинмайди.

Таъкидлаш керакки, ҳар бир миллатнинг ўзига яраша қадриятлари мавжуд ва бу бошқалар учун ажабланарли туйилиши мутлақо нормал.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония анъана

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг