Японияда тўфон туфайли миллионлаб одамлар эвакуация қилинди (видео)
Олам
−
29 Август
6252Кеча, 28 август куни Япониянинг жануби-ғарбий қисмида “Шаншань” тўфони кучли шамол ва ёмғирга сабаб бўлиб, электр энергия тизимини ишдан чиқарди, ҳаво қатновини чеклади ва йирик заводларни ёпишга мажбур қилди. Шунингдек, миллионлаб одамлар уйларидан эвакуация қилинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозиргача камида уч киши ҳалок бўлди ва кўплаб одамлар жароҳат олди. Расмийлар бу минтақадаги энг кучли бўронлардан бири бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Дафн маросими хизмати ходими Томоки Маэда Кюсю жанубидаги Миязаки шаҳрида содир бўлган тўфон баъзи биноларнинг деразаларини синдириб, деворларини вайрон қилганига гувоҳ бўлган.
“Мен 31 йиллик ҳаётим давомида ҳеч қачон бундай кучли шамол ёки торнадони бошдан кечирмаганман”, дейди у.
Тезлиги секундига 50 метр (соатига 180 км) бўлган тўфон Нагасаки префектурасидаги Унзен шаҳри яқинида соат 13:45 да содир бўлган. Метеорология агентлигига кўра, тўфон соатига 15 км тезлик билан шимолга ҳаракатланмоқда.
“Kyushu Electric Power Co” компанияси маълумотларига кўра, етти префектурадаги 230 мингга яқин хонадон электр таъминотидан маҳрум бўлган. Коммунал ташкилот аввалроқ тўфон Сендай атом электр станциясига ҳеч қандай таъсир кўрсатмагани ҳақида хабар берган.
Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Ёшимаса Хаяши тайфун билан боғлиқ ҳодисаларда уч киши ҳалок бўлганини ва бир киши бедарак йўқолганини, Табиий офатларни бошқариш агентлиги эса 45 киши тан жароҳати олганини маълум қилди. Мамлакат бўйлаб 5,2 миллиондан ортиқ одам эвакуация қилинган.
Метеорология агентлигининг хабар беришича, бўрон келгуси бир неча кун давомида Кюсюдан сўнг, марказий ва шарқий минтақаларга, жумладан, пойтахт Токиога ҳам яқинлашиши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, авиакомпаниялар 800 га яқин рейсларни бекор қилган. Кюсюнинг кўплаб ҳудудларида поезд, юзлаб автобус ва паром қатнови ҳам тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Японияда тайфун туфайли 230 та рейс бекор қилинган эди.
LiveБарчаси