Японияда интернет тезлиги бўйича рекорд ўрнатилди
Технология
−
31 Май
4683Японияда янги дунё рекорди ўрнатилди. Тадқиқотчилар 19 каналли оптик толали кабель орқали 1 808 километр масофага секундига 1 миллион гигабайт маълумот узатишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда “Interesting engineering” хабар берди.
Қайд этилишича, япониялик тадқиқотчилар гуруҳи оддий оптик толалардек юпқа, бироқ ичида 19 та боғланган канали бўлган оптик толани ишлаб чиққан. Бу каналлар бир вақтнинг ўзида параллел тарзда маълумот узатишни таъминлайди.
Тадқиқотчиларнинг айтишича, ушбу технология сунъий интеллект ва 6G туфайли келажакда кескин ортадиган маълумотлар оқимига тайёрланиш имконини беради.
Кўп йиллар давомида олимлар оптик толалар орқали узатиладиган маълумот ҳажмини ошириш устида ишлашган. Илгари ҳам секундига петабитлар узатишга эришилган, аммо бу фақат 1 000 километрдан қисқа масофаларда мумкин бўлган. Катта масофаларга узатиш эса доимо муаммоли бўлиб келган, чунки масофа ортгани сари сигнал заифлашади. Айниқса, кўп ядроли толаларда сигнални кучайтириш ва айни вақтда ташқи аралашувларни олдини олиш муҳим техник муаммо ҳисобланади.
Тадқиқот муаллифлари бу муаммони 19 ядроли махсус оптик толани ишлаб чиқиш орқали ҳал қилган. Унинг қалинлиги бор-йўғи 0,125 мм бўлиб, ҳозирги мавжуд толалардан фарқ қилмайди. Улар, шунингдек, C ва L спектрал диапазонларда ишловчи ақлли кучайтириш тизимини ҳам ишлаб чиққан. Жамоа 19 та махсус кучайтиргичдан фойдаланган ҳолда барча каналларни узлуксиз ишлатадиган тизимни қурган. Ҳар бир канал учун алоҳида айланиш контурлари яратилган ва улардан сигнал 21 маротаба ўтказилиб, умумий 1 808 км масофа қайтарилган.
Йўл охирида 19 каналли қабул қилгич сигналларни қамраб олган ва уларни кўп киришли ва кўп чиқишли сигналга (MIMO) асосланган рақамли процессор орқали тозалаб, аралашувларни олиб ташлаб, узатиш тезлигини ҳисоблаб чиққан.
Янада ҳайратланарлиси толали тизимнинг асосий самарадорлик кўрсаткичи бўлган “сиғим × масофа” кўрсаткичи 1,86 эксабит/сония километрни ташкил этган. Бу ҳозиргача қайд этилган энг юқори натижа. Ушбу ҳажмдаги тезлик 4K форматидаги 10 мингта фильмни ёки GTA V ўйинининг 20 мингта нусхасини атиги бир сонияда юклаб олишга етади.
Мазкур тадқиқот шуни кўрсатадики, мавжуд инфратузилма ўлчамини ўзгартирмасдан, катта масофали юқори тезликдаги оптик толали тармоқларни барпо этиш мумкин. Бу эса уларни кенг кўламда жорий этишни сезиларли даражада соддалаштиради.
LiveБарчаси