Японияда амалдорларга шорти кийиш тавсия этилди
Олам
−
25 Апрель 2497 2 дақиқа
Токио шаҳар маъмурияти давлат хизматчиларини ишга шортида келишга чақирди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Мулозимларнинг фикрича, камроқ расмий услубни танлаш АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ҳамда яқинлашаётган ёз жазирамаси шароитида электр энергиясини тежашга ёрдам беради.
Энергия тежаш бўйича муваффақиятли Cool Biz ташаббусидан илҳомланган расмийлар, ушбу чора кондиционерларга бўлган қарамликни камайтиришга имкон беришидан умид қилмоқда. Иссиқ ёз вақтида енгиллаштирилган кийим шакли кампанияси сифатида танилган Cool Biz Японияда 2005 йилда жорий этилган эди. Ўшанда гап ишда пиджак ва бўйинбоғ (галстук) тақмаслик имконияти ҳақида кетган.
“Биз қулайлик биринчи ўринга қўйиладиган енгил кийимларни, жумладан, поло, футболка ва кроссовкаларни, шунингдек, хизмат вазифаларидан келиб чиққан ҳолда шортиларни кийишни қўллаб-қувватлаймиз”, дейди Токио губернатори Юрико Коикэ.
Маълумот учун, Япония ва Осиёнинг бошқа давлатлари Яқин Шарқдаги можаронинг иқтисодий оқибатлари – нефть нархининг ошиши ва энергия ресурслари тақчиллигидан тобора кўпроқ хавотирга тушмоқда. Вьетнам, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар энергия истеъмолини чеклаш чораларини кўрган ва давлат хизматчиларига масофадан ишлашни тавсия қилган ёки иш ҳафтаси давомийлигини қисқартирган. Сеулда эса ҳокимият аҳолини қисқа масофаларга пиёда ёки велосипедда юришга чақирган.
Live
Барчаси