Япония ва Бразилия Амазон ўрмонларини “оталиққа олди”

Олам

image

Япония Бош вазири Фумио Кисида ва Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва кеча, 3 май куни иқлим ўзгаришига қарши кураш, жумладан Амазон ўрмонларини ҳимоя қилишни кучайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда Япониянинг “Kyodo” нашри маълум қилди. 

Қайд этилишича, Бразилиядаги музокаралари чоғида Кисида ва Лула декарбонизация (карбонат ангидрид миқдорини камайтириш жараёни) ва бошқа атроф-муҳит масалалари бўйича кенг қамровли ҳамкорлик шартномасини имзолаган.

Яшил ҳамкорлик ташаббуси тўғрисидаги битим ўрмонларнинг кесилишининг олдини олиш ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида деградацияга учраган қишлоқ хўжалиги ерларини қайта тиклаш учун молиявий ҳисса ва ёрдамни ўз ичига олади.

Учрашувдан сўнг Кисида Лула билан қўшма матбуот брифингида Япония дунёда углерод нейтраллигини амалга оширишга ҳисса қўшишини айтган. Лула иқлим ўзгариши жиддий муаммо эканини таъкидлаб, тоза энергия корхоналарига кўпроқ сармоя киритишга чақирган. Бош вазир Япония глобал муаммоларни ҳал қилиш учун Бразилия билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.

Қолаверса, Бразилия 2025 йилда COP30 деб номланувчи БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 30-сессиясига мезбонлик қилиши режалаштирилган. Давлат раҳбари конференция баҳонасида ернинг “ўпкаси” деб аталадиган Амазон ўрмонини сақлаб қолиш учун жиддий чоралар кўрмоқчи.

Бундан ташқари, Кисида Лула билан мудофаа ва киберхавфсизлик соҳаларида ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгаши ислоҳотида яқинроқ ҳамкорлик қилишга келишиб олган. 

Икки давлат етакчилари ўтган йили Япониянинг Бразилияга иммиграция бошланганига 115 йил тўлиши муносабати билан икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда ўз мамлакатлари ўртасидаги одамлар алмашинуви муҳимлигини таъкидлаган.

Уларнинг баёнотига кўра, Япониядан ташқаридаги энг катта диаспора жамияти бўлган Бразилияда 2,7 миллионга яқин японияликлар яшайди, Япония эса 210,000 дан ортиқ бўлган бешинчи йирик Бразилия ҳамжамиятига мезбондир.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Amazon компанияси асосчиси Жефф Безос ва машҳур актёр Леонардо Дикаприо Амазон ўрмонларини асраб қолиш учун хайрия маблағи ажратмоқчи эканини маълум қилган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония Бразилия Амазон ўрмонлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг