Япония Ўзбекистондаги 3 та лойиҳага 162 млн доллар тикади
Жамият
−
14 Сентябрь 2020
5993Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 9.09.2020 йилдаги “Япония халқаро ҳамкорлик банки ва Япония тижорат банки иштирокида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) ўртасида 2019 йил 16 декабрда имзоланган меморандумга мувофиқ қуйидаги учта лойиҳани амалга ошириш назарда тутилмоқда:
• 2020-2021 йилларда Маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказини ташкил этиш (Дата-марказ);
• “Ўзбектелеком” АКнинг халқаро пакетли коммутация марказларини кенгайтириш;
• “Ўзбектелеком” АК телекоммуникация транспорт тармоғи ва маълумотларни узатиш тармоғини кенгайтириш.
Лойиҳаларни молиялаштириш учун JBIC ва Япониянинг “Sumitomo Mitsui Banking Corporation” (SMBC) банки томонидан жами 162,95 млн доллар эквивалентида япон иенасидаги кредитлар ажратилади.
Ҳужжат билан умумий қиймати 193,73 млн долларга тенг учта лойиҳани молиялаштириш манбалари тасдиқланди:
• JBICнинг 10 йил муддатга, JPY CIRR плюс 1,48 фоиз, шу жумладан ТИФ Миллий банкининг 0,5 фоиз миқдоридаги банк маржасига тенг йиллик фоиз ставкада 138,51 млн доллар эквивалентида япон иенасидаги кредити;
• SMBCнинг 6 йил муддатга, 6 ойлик LIBOR плюс 4 фоиз, шу жумладан ТИФ Миллий банкининг 0,5 фоиз миқдоридаги банк маржасига тенг бўлган йиллик фоиз ставкада 24,4 млн доллар эквивалентида япон иенасидаги кредити;
• “Ўзбектелеком” АКнинг 6,42 млн доллар миқдоридаги ўз маблағлари;
• Ўзбекистоннинг 24,36 млн доллар миқдорида солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш кўринишидаги улуши.
“Ўзбектелеком” АК JBIC ва SMBC кредитларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун масъул бўлган ижро органи ҳисобланади, шунингдек кредитларни қайтариш, шу жумладан мажбурият комиссияси, фоизлар ва бошқа харажатлар билан боғлиқ тўловлар компаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Лойиҳаларнинг ТИА параметрлари қарорга иловаларда келтирилган.
LiveБарчаси