Япония рекорд даражадаги ҳарбий бюджет тайёрлади
Олам
−
22 Август 2023
5916Япония Мудофаа вазирлиги 2024 молия йили учун ҳарбий бюджет бўйича мамлакат тарихидаги рекорд сумма – деярли 7,739 триллион иена (ҳозирги курс бўйича 53 миллиард доллардан ортиқ) бўйича музокараларни бошлади. Бу ҳақда Япониянинг етакчи иқтисодий газетаси “Nikkei” хабар берди.
Янги ҳарбий бюджет, хусусан, мамлакат жануби-ғарбий қисмида АҚШдан сотиб олинган сўнгги бешинчи авлод F-35B жанговар самолётлари билан жиҳозланган янги эскадронни шакллантиришни назарда тутади. Шунингдек, Aegis кўп мақсадли компьютерлаштирилган кузатув ва йўл-йўриқ тизимларига эга қўшимча иккита эсминет қуриш учун маблағ ажратиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, кескин вазият юзага келган тақдирда Шарқий Хитой денгизидаги Тайвань яқинидаги олис оролларга қўшинларни имкон қадар тезроқ жойлаштириш учун денгиз транспорти отряди ҳам тузилади. У турли тоифадаги кемалар ва вертолётлар билан жиҳозланади.
Қуролли кучларда янги ягона интеграциялашган алоқа ва ахборотни қайта ишлаш тизимини, шунингдек, потенциал душман ҳудудига зарба беришга қодир узоқ масофали ракеталарни ривожлантиришни жадаллаштириш кўзда тутилган.
Қайд этиш жоизки, жорий молиявий йилда ҳарбий харажатлар аллақачон рекорд даражадаги 6,8 триллион иен (ҳозирги курс бўйича тахминан 47 миллиард доллар)ни ташкил этган. Ўтган йилнинг мудофаа бюджети 1,25 баробар ортиғи билан бажарилган. 2027 йилга келиб, Япония ҳукумати НАТО моделига амал қилиб, ҳарбий харажатларни ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизигача ошириш ниятида.
LiveБарчаси