Япония ҳар бир фуқаросига 930 доллар миқдорида ёрдам пули бермоқчи
Олам
−
15 Апрель 2020
3411Япония ҳукумати SARS-CoV-2 коронавируси пандемияси ва унинг миллий иқтисодиётга таъсири туфайли мамлакат фуқароларига 100 минг иена (930 АҚШ доллари) миқдорида товон пули тўлаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Япония ҳукумати бош котиби Ёсиҳиде Суга матбуот анжуманида маълум қилди.
"Биз Комейто партияси раҳбарининг ҳар бир Япония фуқаросига 100 минг иена ажратиш ҳақидаги таклифини кўриб чиқмоқчимиз", дейди бош котиб.
Суганинг қўшимча қилишича, бу масала жорий молиявий йил учун Япония бюджетига тузатишлар киритилгандан кейин кўриб чиқилади. Иложи борича, пандемия вақтида аҳолининг иқтисодий-ижтимоий ҳимоясини таъминланиш кўзда тутилган.
Шунингдек, кеча, 14 апрель куни япониялик депутатлар иш ҳақини 20 фоизга камайтиришга келишиб олишди. Ушбу маблағлар мамлакатда фавқулодда вазият жабирланувчиларига ёрдам беришга йўналтирилиши режалаштирилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Японияда коронавирус билан боғлиқ 8 100 ҳолат қайд этилган. Касалланганларнинг 853 нафари соғайган, 146 нафари эса вафот этган. Мавжуд беморлар сони 7 101 кишини ташкил қилмоқда.
LiveБарчаси