Япония ёзнинг ўртасида коронавирус вакцинасини синовдан ўтказишни бошлайди
Олам
−
11 Май 2020
4625Японияда янги коронавирус вакцинасининг клиник синовлари 2020 йил июль ойида бошланиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 11 май куни Бош вазир Синдзо Абэ парламентдаги нутқида маълум қилди.
“Токио ва Осака университетлари ва бошқа давлат илмий марказлари ходимлари томонидан ишлаб чиқилаётган вакцинанинг клиник синовлари июль ойида бошланиши мумкин”, деди ҳукумат раҳбари.
Бундан ташқари, Бош вазир вакцинани ишлаб чиқиш учун 800 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратиш режалаштирилаётганини эълон қилди.
Жорий йилнинг 8 апрель куни Токио ва унга қўшни Канагава, Сайтама ва Тиба префектуралари, Япониянинг асосий Хонсю оролининг жануби-ғарбидаги Осака ва Хёго префектураларида ва Кюсю оролидаги Фукуока префектурасида фавқулодда ҳолат режими ўрнатилган эди. 16 апрелда ҳукумат раҳбари уни бутун мамлакат бўйлаб кенгайтирди. 4 май куни фавқулодда ҳолат режими 31 майгача узайтирилди.
Японияда коронавирус инфекциясининг тасдиқланган ҳолатларининг умумий сони 16,5 мингдан ошди. Шу билан бирга 271 нафар одам оғир аҳволда эканлиги маълум қилинган. Инфекциядан зарарланиш оқибатида 646 ўлим ҳолати қайд этилди.
LiveБарчаси