Январь ойи учун пенсия ва нафақа пулларини тўлаб бериш муддати ўзгарди
Жамият
−
29 Декабрь 2021
36973Келаси йилнинг январь ойи учун пенсия нафақалар эгаларига одатдагидан кечроқ етказилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маълум қилди.
Жамғарманинг қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги ПҚ-2753-сон Қарорига мувофиқ пенсия ва нафақалар тўлови ҳар ойнинг биринчи банк иш кунидан бошланиб, ойнинг 27 санасига қадар кунлик график асосида (дам олиш кунларидан ташқари) маҳалла фуқаролар йиғинлари ва фуқароларнинг яшаш манзилига етказилмоқда.
Бироқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига асосан 2021 йилнинг 31 декабрь ва 2022 йилнинг 1–4 январь кунлари республикада барча соҳа вакиллари учун дам олиш куни деб эълон қилинган.
Шу муносабат билан январь ойи учун пенсия ва нафақалар нақд пул шаклида тарқатилиши ҳамда банк карталарига юкланиши 5-6 январь санасидан бошлаб белгиланган муддатларгача тўланиши таъминланади.