Янгиланган трансфер нархлари: Ўзбекистонда Шомуродовга етадигани йўқ. Роналду 114-ўринда

Спорт 36733
image

Дунёга машҳур Transfermarkt.de портали футболчиларнинг янгиланган трансфер нархларини эълон қилди. 

ПСЖ ва Франция терма жамоасининг ҳужумчиси Килиан Мбаппе 160 миллион еврога баҳоланган ва биринчи ўринда қайд этилган. Ундан сўнг “Боруссия Дортмунд” тўпурари Эрлинг Холланд бормоқда. Норвегиялик футболчининг нархи 130 миллион евро этиб белгиланган. 3-ўринга Англия терма жамоаси билан бирга Европа чемпионатининг финалига қадар етиб кела олган Харри Кейн муносиб кўрилган. “Тоттенхем” юлдузининг ўйини 120 миллион евро “туради”.

Кейинги ўринларни Жейдон Санчо, Муҳаммад Салоҳ, Ромелу Лукаку, Кевин Де Брюйне, Неймар, Френки Де Йонг ва Бруно Фернандеш эгаллаган.

Сўнгги 15 йилликнинг энг яхши футболчилари — Лионель Месси 80 миллион евро нархи билан 21-поғонада жойлашган бўлса, Криштиану Роналду 45 миллион евро эвазига 114-ўринда турибди. Таъкидлаш жоиз, уларнинг нархи пастлашда давом этмоқда.

Ушбу янгиланишлар ўзбек футболчиларининг нархларига ҳам таъсир ўтказган. Ўзбекистон Суперлигасининг энг қиммат футболчилари рейтингида бир йўла тўртта футболчи биринчи ўринда бормоқда. Булар Сардор Собирхўжаев, Йован Жокич, Нурилло Тўхтасинов ва Ҳожиакбар Алижонов. Уларнинг трансфер нархи — 800 минг евро.

Сардор Рашидов, Шоҳруз Норхонов, Азиз Турғунбоев, Темурхўжа Абдухолиқов ва Фарруҳ Сайфиев ва Егор Кримец кучли ўнликда қайд этилган.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг қиммат футболчиси Элдор Шомуродов ҳисобланади. Унинг нархи ўзгаришсиз қолган — 7,5 миллион евро. Отабек Шукуров 3, Жалолиддин Машарипов эса 2,8 миллион еврога баҳоланган. Кейинги ўринлар Азиз Ғаниев, Игор Сергеев, Одил Аҳмедов, Остон Ўрунов, Одил Ҳамробеков, Достон Ҳамдамов, Сардор Собирхўжаев ва Нурилло Тўхтасинов сингари футболчилар билан тўлдирилган.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2277
Рейтинг: 2.9
t
×