Янги вазиримиз ҳам автократия йўлидан кетмоқда – Кушербоев 

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистонда ишга жойланмаган битирувчилари сони кўп бўлган ОТМ сифатсиз таълим бераётган муассаса деб топилиб, бундай ОТМларнинг фаолиятини тугатиш масаласи кўриб чиқилишини айтган эди. Вазирнинг ушбу фикрига жамоатчилик фаоли, собиқ депутат Расул Кушербоев ўз муносабатини билдирди.

“Мантиқ ва қонун чегарасига тўғри келмайдиган ҳаракатлар узвий давом этмоқда. Бу гал олий таълимда. Бу нормал жамият вазири эмас, “авторитар режим”га хос жамият мулозимининг таҳдиди. Янги вазиримиз ҳам автократия йўлидан кетмоқда”, дея фикр билдирган жамоатчилик фаоли.

Шунингдек, Кушербоев лаганбардорлар кўплиги боис Ўзбекистон “авторитар режим”ли давлатлар қаторидан ўрин олганини ҳам эслатиб ўтди.

“Ҳаддингдан ошма дегувчи акалар: қанча хаспўшламайлик бизни шундоқ ҳам “авторитар режим”ли давлатлар қаторига қўшиб қўйишган. Бунинг асосий сабаби реал иш қолиб, кўп соҳада хўжакўрсинга ишлаш, катталарга “пахта қўйиш” билан вақт ўтказаётганимиз”, дея танқид қилган у.

Шунингдек, Расул Кушербоев бирорта ҳам норматив ҳуқуқий ҳужжатда ОТМлар битирувчиларни ишга жойлаштиришга мажбурлиги ҳақида қоидани кўрмаганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ОТМ вазифаси сифатли таълим бериш ва агар тегишли таълим даражага эга бўлса битирувчига диплом тутқазишдан иборат.

Бундан ташқари, у вазирга хориждаги нуфузли ОТМлар масалан, Harvard, Oxford, Cambridge кабиларга ҳам шундай талаблар қўйилганмикан? Улар қанақа вазирларнинг талабларидан келиб чиқиб шундай натижаларга эришган, дея саволлар йўллаган.

“Бир нарса ойдинлашиб бормоқда. Бу кетишда Ўзбекистонда бирорта ҳам ОТМ яқин орада ТОП 500 таликка кирмаса керак”, дея қўшимча қилган Расул Кушербоев.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг