Янги Тошкентдаги стадион қурилиши қиймати маълум бўлди

Спорт

image

Янги Тошкент ҳудудида барпо этилаётган замонавий футбол стадиони қурилиши қиймати 100 миллион долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда “Kyrgyzfootball” нашри хабар берди.

55 минг томошабинга мўлжалланган стадион FIFA талабларига мувофиқ барпо этилмоқда. Арена 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказиладиган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг Ўзбекистондаги асосий майдони бўлади. Унда мусобақанинг ярим финал ва финал учрашувларини ўтказиш режалаштирилган.

Олти қаватли мажмуа таркибига асосий аренадан ташқари учта машғулот майдони, 10 дан ортиқ эскалатор ва 5500 та автомобиль учун мўлжалланган автотураргоҳ киради. Шунингдек, стадион яқинида метро бекати қурилиши режалаштирилган. Футболчилар, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун замонавий инфратузилма яратилади.

Стадион қурилиши 2025 йил ноябрь ойида бошланган. 2026 йил июль ойидаги расмий маълумотларга кўра, қурилиш ишларининг 65 фоизи бажарилган.

Лойиҳанинг расмий бошланиши 2025 йил 11 ноябрь куни бўлиб, ўша куни Президент Шавкат Мирзиёев стадион қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро туманида 40 минг томошабинга мўлжалланган замонавий футбол стадиони қурилиши режалаштирилётгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг