Янги таҳрирдаги Конституция – ҳар бир фуқаро давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқлидир

Бизнес

image

Ўзбекистоннинг янгиланган сиёсати жамиятда адолат ва қонун устуворлигини олий даражага кўтариш, замонавий давлат бошқарувини жорий этиш, давлат хизматини халқчил қилишга қаратилган аниқ мақсадларга таянмоқда.

Шу ўринда янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 37-моддасида“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадирлар” номли конституциявий қоида киритилмоқда.

Айтиш лозимки, давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқлилик деганда – барча фуқаролар учун тенг имкониятлар дегани. Бу давлат хизматига киришда номзодларга жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқейидан қатъий-назар, ҳуқуқларининг тенглиги кафолатидир.

Давлат хизматига ишга киришда одам ажратмасдан, барчага бир кўз билан қаралади, “фалончини ўғли”, “пистончини жияни” бўлганлиги учун унга устунлик бериш каби салбий ҳолатларга йўл қўйилмайди. Энг асосий мезон – профессионаллик, яъни қанчалик даражада ўз касбини чуқур билишидир.
Албатта, бу ўринда давлат хизматини чинакам халқчил қилиш йўлида нафақат миллий тажрибани шакллантириш, балки халқаро стандартларни миллий қонунчилигимизга имплементация қилинаётгани катта аҳамиятга эга.

Жумладан, конституция даражасида киритилаётган ушбу мазмундаги норма бир қатор халқаро ҳужжатларда акс этган бўлиб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 24-моддасида “Ҳар бир инсон ўз мамлакатида давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга” эканлиги қайд этилган. БМТнинг яна бир халқаро ҳужжати “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пактида ҳам айнан ушбу мазмундаги норма акс этган.

Шунингдек, Буюк Британия, Германия, Швейцария, Грузия, Малайзия каби ривожланган давлатларнинг бош қомусида ҳам давлат хизматига оид қоидалар белгиланган.

Янгиланаётган Конституцияда давлат хизматига киришда тенг имконият ва ҳуқуқнинг белгиланиши натижасида:

  • биринчидан, фуқароларга давлат хизматига киришда ортиқча талаблар қўйилишининг, коррупциявий ҳолатлар, маҳаллийчилик, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик каби иллатларнинг олдини олади;
  • иккинчидан, давлат хизматининг жозибадорлигини ошишига, ўз навбатида давлат органлари фаолияти самарадорлиги, хизмат кўрсатиш сифатини оширади;
  • учинчидан, давлат хизматида кадрларнинг хизмат бўйича ўсиб бориши билан боғлиқ фаолиятда номзодларни адолатли баҳолаш, улар орасидан энг муносибларини танлашга қаратилган “меритократия” тамойили қўлланилиши белгилаб берилади.

Бир сўз билан айтганда, бу каби жараёнлар нафақат қонун ва қонун ости ҳужжатларида, балки Бош қомусимизда мустаҳкамланиши ушбу йўналишдаги ишларнинг фундаментал жиҳатдан такомиллашуви натижасида давлат хизматининг рақобатдошлигини, очиқлигини ва профессионаллигини оширишига хизмат қилади.

Сардоржон МАМАНОВ, 
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши
курашиш агентлиги масъул ходими, эксперт


Мақола муаллифи

Теглар

Конституция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг