Янги санкциялар пакети Россиядан кўра Европага кўпроқ зарар келтиради – Венгрия
Олам
−
23 Сентябрь 2023
6518Будапешт Европа Иттифоқининг Россияга қарши янги санкциялар пакети керак эмаслигига ишончи комил. Бу ҳақда Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто россиялик мавқедоши Сергей Лавров билан учрашувдан сўнг ТАСС агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Афсуски, Евроиттифоқ жорий этган санкцияларга ҳозирча профессионал баҳо ва таҳлиллар ўтказилмаган. Янги санкцияларни муҳокама қилиш ҳар доим ҳиссий, сиёсий ва мафкуравийдир. Агар биз санкцияларга прагматик нуқтаи назардан қарасак, улар Россиядан кўра Европага кўпроқ зарар келтираётганини кўрамиз”, деган Сийярто.
Унинг айтишича, Венгрия Россияга қарши янги санкциялар пакетига эҳтиёж сезмаяпти. Сийярто бир кун келиб Шарқ ва Ғарб ўртасидаги цивилизациялашган ҳамкорликка қайтишга умид қилишини, иқтисодиёт соҳаси вакиллари ҳам худди шундай нуқтаи назарга эга эканини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, Петер Сийярто олдинроқ Европа Украинани қўллаб-қувватлаш билан ўзини йўқ қилаётгани ва иттифоқнинг санкция сиёсати глобал саҳнада кулгига қолаётганини айтганди.