Янги рекорд: Токиода кетма-кет 34 кун тинмай ёмғир ёғди
Олам
−
11:56 166 2 дақиқа
Япония пойтахти Токио марказида ёмғир 34 кундан бери кетма-кет ёғмоқда. Бу Япония пойтахтида 1886 йилдан бери қайд этилган энг узоқ давом этган ёмғир ёғиши ҳисобланади. Бу ҳақда Япония метеорология агентлиги маълумотларига таяниб, “The Mainichi” хабар берди.
Қайд этилишича, аввалги рекорд 33 кун бўлган. 2019 йил 27 июндан 29 июлгача давом этган ёмғирлар ўша пайтда энг узоқ ёғингарчилик сифатида қайд этилган.
Ҳозирги ёмғирлар Япониянинг энг йирик ороли Хонсю устида узоқ вақт сақланиб қолган кузги ёмғир фронти сабаб юзага келган. Бунга илиқ ва нам ҳаво массалари ҳамда яқинлашаётган тайфунлар ҳам таъсир кўрсатган.
Жорий йилнинг 27 сентябрь ҳолатига кўра, Токио марказида бир ой ичида 621,5 миллиметр ёғингарчилик қайд этилган. Бу ўртача ойлик кўрсаткичдан қарийб уч баравар кўп. Бироқ сентябрь ойида энг кўп ёғингарчилик 1958 йилда қайд этилган. Ўшанда пойтахтда бир ойда 670,9 миллиметр ёмғир ёғган.
Бугун, 30 сентябрь куни ҳам Токио ва Япониянинг шарқидаги Канто минтақасининг бошқа ҳудудларида ёмғир ёғиши кутилмоқда.
Маълумот учун, август ойида Тиба префектурасида кучли жала оқибатида 10 киши ҳалок бўлган, яна 1 киши бедарак йўқолган. Ёмғирлар 1,5 мингдан ортиқ уйга зарар етказган, 709 та уйни эса сув босган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Японияда “Дужуан” тайфуни келтирган кучли ёмғир ва шамоллар оқибатида кўчкилар юз бериб, 4 киши ҳалок бўлганди, яна 6 киши бедарак йўқолган эди.
Live
БарчасиТўқаев Путинни атоқли давлат арбоби деб атади
29 Сентябрь
Тошкентдаги овқатланиш шохобчасида ёнғин чиқди
29 Сентябрь