Янги коронавирус қўрқуви: бир нечта давлат Британия билан парвозларни тўхтатди

Олам

image

Аввалроқ, коронавируснинг янги тури сентябрь ойида Буюк Британияда пайдо бўлиб, ноябрь ойининг ўрталарида фаол тарқалишни бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг Буюк Британия Ҳукумати янги чекловлар ўрнатилишини эълон қилди. Кўрилаётган чоралар фонида Лондон аҳолиси шаҳар ташқарисига чиқиб кетишга ҳаракат қилиб, темир йўл станцияларида тўпланган. Шунингдек, бир қанча давлатлар янги турдаги коронавирус қўрқуви сабаб Буюк Британия билан авиарейсларни тўхтатган.

Таъкидлангандек, янги турдаги коронавирус сабаб бир қатор мамлакатлар Буюк Британия билан парвозларни тўхтатиб қўйди. Улар орасида Нидерландия, Бельгия, Германия, Италия, Австрия, Болгария ва Туркия каби давлатлар бор. Саудия Арабистони коронавируснинг янги тури ҳақидаги хабарлар фонида ўз чегараларини вақтинча ёпди.

Коронавируснинг янги тури ҳақида нималар маълум?

Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги 14 декабрь куни янги турдаги коронавирус аниқланганини эълон қилди. Англия бош санитария ходими Крис Уитти ушбу турдаги вирус одатдаги SARS-CoV-2 номли турига қараганда тезроқ тарқалишини айтди. Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, коронавируснинг янги генетик варианти бошқасига қараганда 70 фоиз кўпроқ юқумли бўлиши мумкин.

Коронавируснинг янги тури туфайли Лондон ва Англиянинг жануби-шарқида қатъий карантин жорий этилган. Шунингдек, Англия, Шотландия ва Уэлс аҳолиси учун Рождество байрамлари бекор қилинган. Буюк Британиядаги коронавирусга қарши кураш бўйича илмий кенгаш янги тур эскиларига қараганда одамдан одамга осонроқ юқишини маълум қилган.

Коронавируснинг янги тури Буюк Британиядан ташқари, Жанубий Африка, Дания, Италия, Голландия ва Австралияда ҳам аниқланган.

У қанчалик тез тарқалмоқда?

Маълум бўлишича, ушбу янги тур биринчи марта жорий йилнинг сентябрь ойида аниқланган. Ноябрь ойида эса, Лондонда касалликка чалинганларнинг тахминан 25 фоизи коронавируснинг ушбу вариантидан жабр чеккан. Декабрь ўрталарига келиб, бу кўрсаткич 65 фоиздан ошган.

Математиклар коронавируснинг бошқа турларининг тарқалиш тезлигини ҳисоблаб, янги турдагисининг қанчалик тажовузкор бўлиши мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, бу ерда нафақат вируснинг ўзи, балки одамларнинг ўзини қандай тутишини ҳам ҳисобга олиш керак.

”Хулоса қилишга ҳали эрта... Лекин янги тур биз аллақачон кўрган коронавирусдан кўра жуда тез тарқалиб бормоқда, шунинг учун уни кузатишда давом этиш муҳимдир”, дейди Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон.

Янги турдаги коронавируснинг қанчалик юқумли эканини кўрсатадиган аниқ рақамлар ҳали мавжуд эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

коронавирус

Баҳолаганлар

136

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг