Янги Конституция: Қозоғистонда референдум ўтказиш қанчага тушиши айтилди

Олам

image

Қозоғистонда янги Конституция бўйича референдумни ташкил этиш ва ўтказиш учун ҳукумат захирасидан 20,7 миллиард тенге (тахминан 40 млн доллар) ажратилган. Бу ҳақда “Nur.kz” сўровига жавобан Қозоғистон Республикаси Молия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, шундан 20,6 миллиард тенге Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолияти учун йўналтирилган.

“Маблағларнинг асосий қисми – 15,6 миллиард тенге (ёки 75 фоиз) барча даражадаги референдум комиссияларининг 71 044 нафар аъзоси меҳнатига ҳақ тўлашга сарфланади. 4,9 миллиард тенге (ёки 25 фоиз) эса ташкилий тадбирларга (ахборот билан таъминлаш, полиграфия ва босма маҳсулотлар, барча даражадаги комиссиялар фаолиятини таъминлаш) йўналтирилади”, дейилади вазирлик изоҳида.

Бундан ташқари, яна 123,6 миллион тенге Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ажратилган бўлиб, бу маблағ 62 давлатдаги 80 та хориждаги сайлов участкасига ходимларни хизмат сафарига юбориш учун мўлжалланган.

Қайд этилишича, референдум билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш ва бошқа жиҳатдан таъминлашда халқаро ташкилотлар, халқаро жамоат бирлашмалари, хорижий давлат органлари, юридик шахслар ва фуқаролар, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг бевосита ёки билвосита иштироки тақиқланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг янги конституцияси лойиҳасида сўз эркинлиги ва ахборот тарқатиш эркинлиги бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига, шунингдек,  фуқароларнинг соғлиғига дахл қилмаслиги кераклиги белгилангани ҳақида хабар берилган эди.

Кеча, 11 февраль куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2026 йил 15 март куни мамлакатда янги Конституция лойиҳаси бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Қозоғистон Конституцияси матнининг 84 фоизи қайта ёзилади, тузатишлар эса 77 та моддани қамраб олади.

Жорий йилнинг 20 январь куни Қизилўрдада бўлиб ўтган Миллий қурултойнинг V йиғилишида Президент Тўқаев мамлакат бир палатали парламент тизимига қайтиши ва у Қурултой деб номланиши, вице-президент лавозими тикланиши, давлат маслаҳатчилари лавозими тугатилиши, шунингдек, Конституцияга қатор ўзгартиришлар киритилишини айтган эди

Маълумот учун, Қозоғистон Республикаси Конституцияси бугунгача 6 марта ўзгарган ва сўнгги ўзгариш 2022 йилда бўлган эди. 

Конституциявий ўзгаришлар:

1998 йилда – президент ва парламент депутатларининг ваколат муддатлари узайтирилди. 2007 йил – пропорционал сайлов тизимига ўтилди ва Биринчи Президентга чексиз марта сайланиш ҳуқуқи берилди. 2011 йил – муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш тартиби белгиланди. 2017 йил – айрим президентлик ваколатлари парламент ва ҳукуматга ўтказилди. 2019 йил – пойтахт номи Нур-Султон деб ўзгартирилиши муносабати билан тузатиш киритилди. 2022 йил – умумхалқ референдуми орқали Конституциянинг учдан бир қисми (33 та модда) ўзгартирилди. Президентлик муддати 7 йил – бир марталик этиб белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Конституция референдум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг