Янги қонун давлат зўравонликка қарши курашаётганининг жиноятчиларга яққол ишораси – Мирзиёева
Жамият
−
06 Апрель 2023
5423Бугун, 6 апрель куни Олий Мажлис Сенати томонидан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга доир қонун лойиҳаси маъқулланди. Президент администрацияси шўба мудири Саида Мирзиёева ушбу қонун бўйича ўз фикрларини билдириб, кураш ҳамма учун қийин кечганини айтди.
“Президент имзолагач, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилаётган ушбу ўзгартиришлар кучга кирса, биз ниҳоят тажовузкорларни жавобгарликка тортиш орқали аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимоя қила оламиз”, дейди у.
Саида Мирзиёева эндиликда вояга етмаган шахс билан алоқа жамоат хавфи бўлмаган жиноятлар тоифасидан оғир жиноят қаторига ўтганини таъкидлади.
“Биз вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилган ва қамоқдан қутулиб қолмоқчи бўлганлар учун бўшлиқларни ёпамиз. Энди бу қилмиш узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади. Бу эса давлат ҳар қандай зўравонликка қарши қатъий курашаётгани ҳақида жиноятчиларга яққол ишора”, дейди Президент администрацияси шўба мудири.
Шунингдек, Мирзиёева қонун билан боғлиқ жараёнларга алоқадор бўлган ва қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорлик билдириб, бу ўзгаришлар учун ҳаракатлар жуда узоқ вақтдан бери давом этаётганини ҳамда бу қийин ва узоқ йўлнинг ҳали бошланиши эканини урғулаган.
“Биз ижтимоий меъёрларни, жамият сифатида ўзимизни ўзгартирамиз. Давлатнинг ижтимоий хавфсизлигини таъминлаш учун ҳаммамиз энг заиф қатламларни ҳимоя қилишимиз шарт”, дея сўзини якунлаган Саида Мирзиёева.
LiveБарчаси