Янги аэропорт Тошкент жанубида қурилади (видео)

Жамият

image

Кеча, 1 август куни Президент Шавкат Мирзиёевга транспорт соҳасидаги йирик лойиҳалар бўйича ахборот берилган ва Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қурилиши маълум қилинган эди. Мутасаддилар Президент иштирокидаги йиғилишдан сўнг янги барпо этиладиган аэропорт жойлашуви ва имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг сўзларига кўра, янги аэропорт амалдаги Тошкент халқаро аэропортидан 17 километр масофада, Тошкент–Самарқанд йўналишидаги мавжуд автомобиль йўли ва яқин келажакда барпо этиладиган пуллик автомагистралга яқин ҳудудда жойлашади.

“Янги халқаро аэропорт қурилиши учун танланган ер участкаси пойтахтдан жанубда, ҳозирги аэропортдан 17 километр узоқликда жойлашган. Бу ҳудуд мавжуд Тошкент–Самарқанд йўналиши бўйлаб, келгусида қурилиши режалаштирилган пуллик автомагистралга яқин жойлашуви билан ҳам қулай ҳисобланади”, деди Илҳом Маҳкамов.

“Uzbekistan Airports” АЖ бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаев эса ҳозирги Тошкент халқаро аэропорти йиллик 11 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга эканини маълум қилди. Билдирилишича, ҳозирги аэропорт соатига 17 та парвоз ва қўнишни амалга ошириши мумкин, шунингдек, перронда бир вақтнинг ўзида 70 тагача самолётни қабул қилиш имкониятига эга.

Унинг сўзларига кўра, 2030 йилгача мамлакат иқтисодиёти ўсиши фонида Тошкент аэропорти орқали ўтувчи йўловчи оқими 15 миллион кишига етиши мумкин. Ҳозирги аэропортни модернизация қилиш имконияти мавжуд бўлсада, у шаҳарнинг марказий қисмида жойлашгани ва кенгайтириш имкониятининг чеклангани боис, талабни тўлиқ қондира олмайди.

“Шу сабабли, 2030 йилгача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган янги аэропорт қурилиши зарур бўлди. Мавжуд аэропорт шаҳарнинг марказига яқин жойлашгани сабабли транспорт тирбандликларини кучайтирмоқда. Бундан ташқари, учиш-қўниш йўлакларининг ҳолати ва шаҳарнинг зич қурилиши самолётларнинг эркин манёвр қилиш имкониятини чеклаб қўймоқда”, дейди Жавлонбек Умархўжаев.

Унинг маълум қилишича, Президент янги аэропорт қурилишини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилган. Дастлабки босқичда аэропорт йилига 20 миллионгача йўловчига хизмат кўрсатади, бир вақтнинг ўзида 169 та самолётни қабул қила олади ва соатига 40 дан ортиқ парвоз ва қўнишларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент халқаро аэропорт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг