Яна икки ҳудудда метан “заправка”лар фаолиятига чекловлар қўйилди
Жамият
−
07 Декабрь 2023
16963Қорақалпоғистон Республикасида ва Сурхондарё вилоятида ҳам автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг иш соатларига чекловлар ўрнатилмоқда. Бу ҳақда “Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Билдирилишича, Қорақалпоғистон Республикасидаги “метан заправка”ларда тун-у кун режимидан соат 6:00 дан 15:00 гача ишлаш режимига ўтилмоқда. Мазкур чекловдан республика ҳудудида 9-14 декабрь кунлари ҳаво кескин совиб кетиши муносабати билан истеъмолчиларнинг табиий газга талаби ортиб, магистрал тармоқларда газ босими пасайишининг олдини олиш мақсад қилинган.
Сурхондарёда эса метан газ қуйиш шохобчалари соат 8:00 дан 17:00 гача фаолият юритади.
“Бундан мақсад – биринчи навбатда табиий газ етказиб берилиши муҳим ҳисобланган аҳоли, шифохона, мактаб ҳамда мактабгача таълим ташкилоти каби аҳамиятга эга муассасаларнинг табиий газ таъминотида барқарорлигини таъминлашдан иборат”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Шунингдек, "Ҳудудгаз Сурхондарё" газ таъминоти филиали табиий газдан дебитор қарздорлиги мавжудлиги сабабли вилоятдаги 28 та метан газ қуйиш шохобчалари тармоқдан вақтинча узилганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Андижон вилоятида ҳам “метан заправка”лар соат 06:00 дан соат 15:00 га қадар фаолият юритиши эълон қилинган эди.