Яна бир зиёли рўйхатдан номини ўчиртирмоқчи
Жамият
−
05 Май 2019
31120Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаеванинг Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш бўйича мурожаатномага нисбатан билдирган фикрларини келтириб ўтгандик.
Халқ ва зиёли қатлам ораси қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлган – Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш тўғрисидаги мурожаатномага имзо қўйганлар қаторида исми зикр этилган яна бир шахс ўз номининг рўйхатга туширилишини англашилмовчилик эканини айтиб, исмини рўйхатдан ўчиртириш ҳаракатига тушган кўринади.
Доцент, тарих фанлари номзоди Шавкат Миралимов юқорида айтганимиз ушбу мурожаатномада исми келтирилган Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаеванинг айни масалага алоқадор эмаслиги тўғрисидаги изоҳи остида қуйидаги фикрларни билдириб ўтган:
“Ассалому алайкум, Сайёра Отахоновна! Сизга катта раҳмат. Сиз, менинг ичимдаги, мен ўйлаган, мен ёзмоқчи бўлган фикрларни қоғозга тушурибсиз. Менинг ҳам ана шу “рўйхатга” тушишим ҳудди шундай - сизникидек бўлган. Мен сизнинг ана шу хатингиз остига, сизга катта раҳматлар айтиб, қўл қўяман! Сизга самимий ҳурмат ва эҳтиром билан “доцент, тарих фанлари номзоди Шавкат Миралимов”.
“PS. Илтимос, “Vesti.uz” сайти ва А.В.Березовскийнинг телефон номерини менга юборсангиз. Мен ҳам унга номимни рўйхаттан чиқаришларини айтмоқчиман. Катта раҳмат..”, деб шарҳ ёзган Шавкат Миралимов.
Маълумот ўрнида, рус тилига расмий тил мақомини бериш тўғрисидаги мурожаатномага имзо қўйганлар қаторида педагогика, фалсафа, техника фанлари доктори, профессорлар, дирижёр, журналист, халқ артисти, санъатшунос, композитор ва бошқа соҳаларнинг 20 га яқин таниқли вакилларининг номи зикр этилган.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, рус тилига расмий тил мақомини бериш масаласи Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Ўзбекистонга ташрифидан кейин кўтарилди. Уни қўллаб-қувватловчилар дастлаб 3 нафар бўлган бўлса, кейинроқ уларнинг фикрига "лаббай" деб жавоб бергувчилар топилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь