Яна бир давлат “Bayraktar”га харидор бўлди

Олам

image

Сербия “Bayraktar” зарбдор дронларини сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Сербия Президенти Александр Вучич Белградда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Туркия ва Сербия ўртасидаги мудофаа секторидаги ўзаро муносабатларга изоҳ берган Вучич ҳамкорликнинг давом этишини маълум қилди.

“Белград Bayraktar дронларини сотиб олмоқчи ва келгуси йилда уларни олишга умид қилмоқда”, дейди сиёсатчи.

Унинг сўзларига кўра, Сербия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар энг юқори чўққида.

“Барча ватандошларимга Туркияга ташриф буюришни тавсия қиламан. Эрдўған бошчилигида бу давлат қандай муваффақиятларга эришганини ҳамма кўриши керак, деб ўйлайман”, дейди Вучич.

Вучич Россия-Украина уруши ҳақида гапирар экан, Украинадаги вазият Сербия учун ҳам қийинчиликларга тўла эканини айтди.

“Озарбайжондан Сербияга энергия манбаларини етказиб бериш ҳаракатлари давом этмоқда. Биз Президент Эрдўғандан бу масалада ёрдам беришини сўрадик”, дея қўшимча қилган Сербия Президенти.

Bayraktar дрони

“Bayraktar TB2” – Туркиянинг Baykar Makina компаниясининг узоқ парвоз қила оладиган ҳужумкор разведкачи дрон. Унинг максимал тезлиги 222 км/соат, қанотлари кенглиги 12 м, қурилма ҳавода 24 соатгача туриши мумкин, дроннинг амалий шифти эса 8,2 минг м.

Дрон учиш масофаси 0,5 дан 8 кмгача бўлган иккита лазерли бошқариладиган UMTAS танкга қарши ракеталари ёки Туркиянинг Roketsan компаниясининг тўртта Bozok, MAM-C ёки MAM-L бошқариладиган аниқ бомбалари билан қуроллантирилади.

Бундай турдаги дронлардан Қорабоғ, Сурия ва Ливиядаги жанговар ҳаракатларда фойдаланилган. Айни пайтда “Bayraktar TB2” дронлари Озарбайжон, Қатар, Ливия, Марокаш, Польша, Жибути, Украина армиялари ҳамда Қирғизистон Чегара хизматида мавжуд.

ОАВ маълумотларига кўра, ушбу қурилмалар аллақачон 22 давлатга, жумладан Марокаш, Нигер ва Эфиопияга сотилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Bayraktar

Баҳолаганлар

242

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг