Яқинда Афғонистондаги вазият янада ёмонлашади, уларда қуроллар бор – Душанбе
Олам
−
19 Октябрь 2022
11966Афғонистонда фаолият юритаётган террорчи гуруҳларда кўплаб қурол-яроғлар, шунингдек, учувчисиз самолётлар мавжуд. Бу ҳақда бугун, 19 октябрь куни Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари қўмондони ўринбосари Кишваршо Хушвахт Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаётган терроризмга қарши курашда халқаро ва минтақавий ҳамкорлик бўйича юқори даражадаги конференцияда маълум қилди.
“Террорчи ташкилотлар аъзолари ўз арсеналида собиқ афғон расмийларидан кубок сифатида олган катта миқдордаги енгил ва оғир қуроллар, ҳарбий техника ва ҳатто учувчисиз учиш аппаратларига эга”, дейди у.
Тожикистон Чегара қўшинлари қўмондони ўринбосари Афғонистоннинг шимоли-шарқидаги, хусусан, Бадахшон, Балх, Тахор вилоятларидаги мавжуд вазиятни мураккаб ва кескин деб баҳолади.
“Бизнинг прогнозларимизга кўра, яқин келажакда вазият янада ёмонлашади”, дейди Хушвахт ва Афғонистонда террорчилик ташкилотлари, хусусан, “Ал-Қоида”, “Исломий давлат”нинг 40 га яқин база ва лагерлари борлигини қўшимча қилиб.
Унинг сўзларига кўра, бу гуруҳларда собиқ Иттифоқнинг 5 мингга яқин фуқароси бор.
Душанбедаги конференция Тожикистон ҳукумати томонидан БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, ЕХҲТ ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Унда вазирлар, БМТга аъзо давлатлар, БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси бўйича тузилмалари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, чегара хавфсизлиги бўйича экспертлар иштирок этмоқда. Конференция якунлари бўйича терроризмга қарши курашиш ва террорчилар ҳаракатининг олдини олиш бўйича чегара хавфсизлиги ва чегара назорати соҳасида Душанбе декларацияси қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу конференция очилишида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон нутқ сўзлаб, жангариларнинг Яқин Шарқдан бошқа минтақаларга кўчирилиши Афғонистондаги террорчилик ташкилотларининг мавқеини мустаҳкамлаши ва Марказий Осиё минтақаси учун жиддий хавф ҳисобланишини айтган эди.
LiveБарчаси