Яқин Шарқнинг қайси давлатлари ядровий дастурга эга ва улар қандай шаклланган?
Таҳлил
−
24 июл 5543 9 дақиқа
АҚШ ва Саудия Арабистони ядровий соҳада 30 йиллик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Ушбу келишув Вашингтонга Подшоҳликнинг фуқаролик мақсадидаги ядровий дастурини ривожлантиришда ёрдам бериш имконини беради.
Битим 22 июль куни АҚШ Энергетика вазири Крис Райт ва Саудия Энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон томонидан имзоланган ядровий ҳамкорлик бўйича “123 келишуви” орқали расмийлаштирилди. Бу ҳужжат АҚШ компанияларига ядровий технологияларни хорижга ўтказиш ҳуқуқини беради. АҚШ бундай келишувларни Атом энергияси тўғрисидаги қонунининг 123-моддаси асосида тузади, шунинг учун улар “123 келишувлари” деб аталади.
Ҳозирча Саудия билан имзоланган келишувнинг аниқ мазмуни маълум эмас. Айрим таҳлилчилар ҳужжат Яқин Шарқда ядровий қуроллар пойгасининг олдини олиш учун етарлича кафолатларни ўз ичига олмаганидан хавотир билдирмоқда.
АҚШ ҳам, Саудия Арабистони ҳам Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (NPT) иштирокчилари ҳисобланади. Бироқ ядровий қуроллар тарқалишини назорат қилувчи атом энергияси халқаро агентлиги (МАГАТЭ) ушбу икки томонлама битимда иштирок этмаган. Шу боис назорат механизмлари қандай ишлаши ҳозирча ноаниқ. Шунингдек, Саудия Ядровий таъминотчилар гуруҳи (NSG) аъзоси эмас. Бу эса мамлакат муҳим ядровий технологиялар ва уранни қандай олиши масаласини очиқ қолдирмоқда.
Шунга қарамай, Саудия дастури Яқин Шарқдаги ядровий лойиҳаларнинг навбатдагиси холос. Минтақада бир нечта давлат фуқаролик ёки ҳарбий йўналишдаги ядровий дастурларга эга.
АҚШ ва Саудия нималарга келишди?
Икки давлат АҚШ технологияларини Саудияга ўтказишга рухсат берувчи ядровий ҳамкорлик битими ҳамда алоҳида “икки томонлама кафолатлар тўғрисидаги келишув”ни имзолади. Ушбу ҳужжат мазмуни тўлиқ ошкор қилинмаган.
.jpg)
Бироқ у америкалик инспекторларга Саудия ядровий дастурини кузатиш, уран бойитиш даражаси фуқаролик реакторлари учун зарур меъёрдан ошиб кетмаслигини назорат қилиш имконини бериши мумкин.
“АҚШ дунёнинг ҳеч бир мамлакати билан ядровий қуроллар тарқалиши хавфини келтириб чиқарадиган битим тузмайди”, деган АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Филиппинда журналистларга.
Westinghouse каби америкалик ядровий реактор ишлаб чиқарувчи компаниялар мазкур келишувдан иқтисодий манфаат кўриши мумкин. Энди битим АҚШ Конгресси кўриб чиқиши учун тақдим этилади. Қонунчилик палатасида унга қарши чиққанлар бўлиши мумкин, аммо улар озчиликни ташкил этиши кутилмоқда. Агар шундай бўлса, ҳужжат 90 кунлик кўриб чиқиш муддати тугагач, автоматик тарзда кучга киради.
Яқин Шарқнинг қайси давлатларида ядровий дастур мавжуд?
Эрон. 2025 йилда АҚШ Исроилнинг Эронга қарши 12 кунлик урушига қўшилиб, мамлакатнинг 3 та асосий ядровий объектига ҳаво зарбаларини берди. Кейинроқ февралда икки давлат яна Эронга қарши янги уруш бошлади. Бунга асосий сабаб сифатида Теҳроннинг ядровий қурол яратиш эҳтимоли кўрсатилди. Эрон эса ўз дастури фақат тинч мақсадларга қаратилганини таъкидлаб келади.
Қизиқарли жиҳати шундаки, Эрон ядровий дастурини 1957 йилда АҚШ кўмагида бошлаган. Бу ўша пайтдаги президент Дуайт Эйзенҳауэрнинг фуқаролик мақсадларида ядровий технологияларни тарқатиш дастури доирасида амалга оширилган. Кейинчалик МАГАТЭ ҳам шу жараённи назорат қилиш учун ташкил этилган. Эрон 1974 йилда NPT’га қўшилган.
Бушеҳр атом электр станцияси дастлаб Германия компаниялари томонидан қурилган. Бироқ 2000 йиллар бошида МАГАТЭ Эрон Покистон ёрдамида Натанз, Исфаҳон ва Фордо уран бойитиш иншоотларини яширин қурганини аниқлади. Бу мамлакат ядровий қурол яратишга интилаётгани ҳақидаги айбловларга сабаб бўлди.
*2026 йил 15 июндаги сунъий йўлдош тасвирида Эроннинг Натанз уран бойитиш иншооти (юқори ўнг бурчакда) ва унинг жанубидаги Пикахе тоғида қурилаётган ер ости ядровий майдончаси кўрсатилган.
Шундан сўнг, БМТ Хавфсизлик кенгаши Эронга қарши санкциялар жорий қилди. АҚШ ва Исроил ҳам киберҳужумлар ва эронлик ядровий олимларга қарши суиқасдлар орқали босим ўтказди. Бунинг ортидан 2003 йилда ўша даврдаги олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий мамлакат ядровий қурол яратмаслиги ҳақида фатво чиқарган.
2015 йилга келиб Барак Обама маъмурияти даврида Эрон ва халқаро ҳамжамият Ядровий дастур бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси (JCPOA)ни имзолади. Унга кўра, Эрон уранни тахминан 3 фоизгача бойитишга рози бўлган. Бу электр энергияси ишлаб чиқариш учун етарли бўлса-да, ядровий қурол учун зарур даражадан анча паст ҳисобланади.
Эрон МАГАТЭга ядровий объектларига мисли кўрилмаган даражада кириш имконини ҳам берди. Агентлик ва АҚШ разведкаси мамлакат келишув шартларига амал қилганини бир неча бор тасдиқлаган. Бироқ Дональд Трамп биринчи президентлик муддатида 2018 йилда АҚШни келишувдан чиқариб, санкцияларни қайта тиклади. Шундан кейин Эрон уранни юқорироқ даражада бойитишни бошлади.
2025 йилнинг июнида МАГАТЭ Эрон 60 фоизгача бойитилган 400 килограммдан ортиқ уран тўплаганини маълум қилди. Бу қурол учун талаб қилинадиган 90 фоизлик даражага яқин ҳисобланарди. Трамп АҚШ зарбалари Эрон ядровий дастурини “бутунлай йўқ қилганини” айтган. Август ойида БМТ ҳам Эронга қарши санкцияларни қайта тиклади. Шундан кейин ҳам АҚШ ва Исроил Эрон ядровий салоҳиятини чеклаш мақсадида янги ҳарбий амалиётларни бошлаган.
Исроил. Исроил расман ядровий қуролга эгалигини на тасдиқлайди, на инкор этади. Бироқ таҳлилчилар уни Яқин Шарқда ядровий арсеналга эга ягона давлат деб ҳисоблайди. Мамлакат NPT иштирокчиси эмас ва МАГАТЭ унинг имкониятларини баҳолай олмайди. Исроил 1980-йиллардан буён агентликка бу борада маълумот беришдан бош тортиб келади.
Nuclear Threat Initiative таҳлил марказига кўра, Исроил 1960 йиллардан бери ядровий қуролга эга бўлиб, тахминан 90 та ядровий каллакка эгалик қилади. Шунингдек, мамлакат яна 300 тагача ядровий қурол ишлаб чиқариш учун етарли уран ва плутоний захирасига эга.
Исроилнинг асосий ядровий объекти – Димона шаҳри яқинидаги Шимон Перес Негев ядровий тадқиқот маркази бўлиб, у 1957 йилда Франция ёрдамида қурилган. Исроил ушбу реактор фақат тинч мақсадларга хизмат қилишини таъкидлайди.
*2002 йил 8 сентябрда олинган архив суратда Исроил жанубидаги Негев чўлида жойлашган Димона атом электр станциясининг бир қисми акс этган.
Бироқ 1980 йилда бир исроиллик ахборот ошкор қилувчи объектдан олинган ҳужжат ва суратларни эълон қилиб, мамлакатнинг илғор ядровий имкониятлари ҳақидаги тахминларни кучайтирган. 2025 йилдаги сунъий йўлдош суратлари эса Димона мажмуасида кенгайтириш ишлари олиб борилаётганини кўрсатган.
Бирлашган Араб Амирликлари. БАА 2009 йилда АҚШ билан “123 келишуви”ни имзолаб, қатъий фуқаролик йўналишидаги ядровий дастурни бошлаган. Мамлакат уранни мустақил бойитмаслик ва ишлатилган ядровий ёқилғини қайта ишламаслик мажбуриятини олган. Бу икки жараён ядровий қурол яратиш учун муҳим ҳисобланади.
*БАА давлат ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган ушбу санасиз фотосуратда Абу-Дабининг ғарбий чўлида қурилаётган Баракаҳ атом электр станцияси кўрсатилган.
Барака атом электр станцияси БАА ядровий инфратузилмасининг асосий объектидир. У 2012 йилда қурилган бўлиб, АҚШ технологиялари асосида ишлайдиган 4 та Жанубий Корея реакторига эга. Станция 5600 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқаради ва мамлакат эҳтиёжининг қарийб чорак қисмини таъминлайди. МАГАТЭ объектни реал вақт режимида кузатиш имконига эга.
Туркия. Туркия ҳозирча ўз ядровий қуролига эга эмас. Бироқ Эрон билан боғлиқ урушдан кейин мамлакат раҳбариятининг баёнотлари бу масаладаги ёндашув ўзгариши мумкинлигини кўрсатмоқда. АҚШнинг НАТО бўйича иттифоқчиси сифатида Туркия ҳудудида америкалик ядровий қуроллар жойлаштирилган.
Мамлакатнинг асосий фуқаролик ядровий объекти – Россия қурган Аккую атом электр станцияси. У 4800 мегаватт қувватга эга бўлиб, Туркия электр энергиясининг тахминан 10 фоизини ишлаб чиқаради. Келишувга кўра, Туркия ишлатилган ядровий ёқилғига эгалик қилмайди.
*Туркиянинг Мерсин вилояти Гюлнар туманида, Ўрта ер денгизи соҳилида қурилаётган атом электр станцияси. 2024.
2025 йилда Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Туркия ҳам ядровий қуролга эга бўлиши мумкинлигини айтган. Таҳлилчилар мамлакат фуқаролик дастурини кенгайтириши мумкинлигини истисно этмайди.
Миср. Миср ҳам Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (NPT) иштирокчиси бўлиб, атом каллакларига эга эмас. Бироқ мамлакат бугунги кунда ўз ядровий қувват ишлаб чиқарувчисини яратмоқда. Миср ишлаб чиқаётган ядровий дастуридан электр энергияси ишлаб чиқариш ва денгиз сувини тозалаш мақсадида фойдаланишни режа қилган. Ҳозирда Россия қураётган “Эл-Дабаа” атом электр станцияси 2028 йилгача 4800 мегаватт қувватга чиқиши кутилмоқда.
“Эл-Дабаа” атом электр станцияси қурилиш жараёни
Яна бир жиҳат шундаки, мамлакат тарихда ядровий қуролга интилиб кўрган. Яъни 1960 йилларда президент Жамол Абдулносир даврида Миср Исроилга қарши ҳарбий ядровий дастур бошлаган, аммо бу уриниш муваффақиятсиз якунланган.
Ироқ. Машҳур раҳбар Саддам Ҳусайн ҳукмронлиги даврида Ироқ яширин равишда ядровий қурол яратишга уринган. Франциядан сотиб олинган Осирак реактори Бағдод яқинидаги Тувайта тадқиқот марказига ўрнатилган. Бироқ 1980 йилларда Эрон ушбу объектга зарба берган, ортидан Исроил уни бомбалаган. 1991 йилда АҚШ ҳам объектга ҳужум қилган.

Воқеалар ортидан 2003 йилда МАГАТЭ Ироқ ядровий дастури бутунлай тугатилганини тасдиқлаган. Ҳозирда мамлакат Хитой ва Россия билан атом электр станциялари қуриш имкониятларини муҳокама қилмоқда.
Минтақадан ташқари: Покистон
Яқин Шарқдан ташқарида жойлашган Покистон ҳам ўз рақиби Ҳиндистонни тийиб туриш мақсадида катта ядровий арсеналга эга. Ҳиндистон “биринчи бўлиб ядровий қурол қўлламаслик” сиёсатига амал қилишини эълон қилган бўлса, Покистоннинг бу борадаги позицияси узоқ йиллардан бери атайлаб ноаниқ сақланиб келмоқда.
Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) маълумотига кўра, Покистон ихтиёрида тахминан 170 та, Ҳиндистонда эса 190 та ядровий жанговар каллак мавжуд. Таҳлилчиларнинг фикрича, 2025 йил май ойида Ҳиндистон билан бўлиб ўтган қисқа қуролли тўқнашувдан кейин Покистон ядровий дастурини янада кенгайтирган. Покистон ҳам, Ҳиндистон ҳам Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (NPT) иштирокчиси эмас.
Покистон ҳам 1950 йилларда президент Дуайт Эйзенҳауэрнинг ядровий энергия дастурида иштирок этган. Бироқ 1947 йилда мустақилликка эришилганидан кейин Ҳиндистон билан уч марта урушганидан сўнг, 1970-йилларда ядровий қурол яратишга киришди. Худди шу даврда Ҳиндистон ҳам ядровий синовларни бошлаганди.
“Биз ўт ейишга, ҳатто оч қолишга ҳам розимиз, аммо ўз ядровий бомбамизга эга бўламиз”, деган эди ўша вақтда Покистон бош вазири бўлган Зулфиқор Али Бҳутто.
“Жамоат-и Исломий” партияси тарафдорлари томонидан ташкил этилган митинг иштирокчилари Покистон ҳукуматини Ҳиндистон ўтказган ядровий синовларга жавоб сифатида ўз ядровий портлашини амалга оширишга чақирмоқда. Карачи, 1998 йил 19 май.
Покистон ядровий дастурининг асосий меъмори физик Абдул Қодир Хон ҳисобланади. У Нигер орқали қора бозордан уран харид қилиш тармоғини йўлга қўйган. Покистон юқори даражада бойитилган уранни Каҳута ва Гадвал объектларида ишлаб чиқаради.
Шунингдек, мамлакат Эрон, Ливия ва Шимолий Корея билан ҳам ядровий технологиялар ҳамда қуроллар соҳасида ҳамкорлик қилган ва қуролларини баҳам кўрган. Бироқ Ливиянинг ўша пайтдаги раҳбари Муаммар Қаддафий эса 2003 йилда мамлакатига қарши санкциялар жорий этилгач, Ливиянинг ядровий инфратузилмасини Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) назоратига топширган.
Live
БарчасиУкраина Қримда дронлар парадини уюштирди
07 август