Яқин Шарқдаги АҚШ қўшинларидан фойда йўқ – Раисий
Олам
−
29 Апрель 2023
7478Бугун, 29 апрель куни Эрон Президенти Иброҳим Раисий Яқин Шарқдаги қўшни давлатлар ўртасидаги мулоқот ва ўзаро тушуниш минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашини айтди. Бу ҳақда IRNA агентлиги хабар берди.
“Бизнинг фикримизча, хорижий ва хусусан, Америка қўшинларининг мавжудлиги минтақа хавфсизлигига фойда келтирмайди. Вазиятни яхшилашнинг калити қўшнилар ўртасидаги музокаралар ва ҳамкорликдир”, дейди Иброҳим Раисий.
Шу куни у Теҳронда Эронга расмий ташриф билан келган Ироқ Президенти Абдуль Латиф Рашид билан ҳам учрашган. У стратегик хусусиятга эга бўлган Эрон-Ироқ ҳамкорлиги икки томонлама алоқалар доирасидан чиқиб, муҳим минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга бўлганига ишора қилган.
Шунингдек, эронлик сиёсатчи икки қўшни давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилда 10 миллиард долларга етганини ва бундан буён ҳам ўсиш тенденцияси борлигини эслатган.
“Сиёсий, иқтисодий, савдо ва маданий соҳаларда яхши алоқаларимиз бор ва икки давлат халқларимизнинг эҳтиёжларини қондириш учун уларни ривожлантиришга қатъий қарор қилди”, дейди Эрон Президенти.
Раисийнинг таъкидлашича, ироқлик мавқедоши билан музокаралар чоғида Арвандруд (Шатт аль-Араб) дарёсининг сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш масаласи кўриб чиқилган.
“Биз Эрон ва Ироқнинг ушбу дарёнинг сув ресурсларидаги улушини ўзгармас ҳолда сақлаб қолиш зарурлигини таъкидладик. Икки мамлакат энергетика вазирлари ҳар қандай келишмовчиликларнинг олдини олиш учун техник муаммоларни ҳал қилиш мақсадида учрашадилар”, дейди Раисий.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь